Аудиторнинг малака сертификатини олиш тўғрисида келиб тушган аризалар ва ҳужжатлар имтиҳон марказига топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 августдаги “Аудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5210-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 15 августдан бошлаб Молия вазирлигининг аудиторлик малака сертификатини олиш учун имтиҳонларини ўтказиш, малака сертификатини бериш ҳамда малакасини ошириш дастурини тасдиқлаш функсиялари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ўтказилиши белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, аудиторлик малака сертификатини олишга талабгорларнинг келгусида малака имтиҳонларида иштирок этиши учун Молия вазирлиги томонидан уларнинг ҳужжатларини аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан ташкил этиладиган имтиҳон марказига тақдим этиши, мазкур қарор кучга киргунга қадар аудитор малака имтиҳонига рухсат олиш бўйича аризаларни кўриб чиққанлик учун талабгорлар тўлаган йиғимлар суммасини қайтариб ўтказиб бериши белгиланган.
Бугунги кунга қадар Молия вазирлигига талабгорлардан сертификат олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида келиб тушган жами аризалардан имтиҳонга киришга рухсат этилган ва малака имтиҳонини топширмасдан сертификат оладиган талабгорларнинг аризалари сони 214 тани ташкил этади. 2021 йил 11 августда Вазирликка мазкур аризалар билан тақдим этилган ҳужжатлар ва келиб тушган йиғим суммаси аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари-Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан биргаликда ташкил этилган “Бухгалтерлар ва аудиторлар имтиҳон маркази” маъсулияти чекланган жамияти имтиҳон марказига қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида топширилди.
Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари ва имтиҳон маркази томонидан мазкур талабгорлар учун ташкил этиладиган дастлабки имтиҳон 2021 йил 25 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Талабгорлар аудиторнинг малака сертификатини олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича тўлиқ маълумот ҳақида аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ва имтиҳон марказига мурожаат қилишлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги