Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” аниқланди
2021-08-12 | Жамият
Наманган шаҳридаги педагогика коллежида мамлакатимиз мактабгача таълим тизимида ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2021” Республика касбий кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тизимдаги илм-маърифат ва маҳорат намойиши натижаларига бағишланган ушбу тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев давлатимиз раҳбари томонидан тубдан ислоҳ этилган мактабгача таълим тизимининг сўнгги беш йиллик самарали фаолияти ҳақида сўз юритар экан, бу каби танловлар соҳадаги сифат тамойилини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг касбий маҳоратини такомиллаштириш, уларнинг илғор педагогик технологиялар, шу жумладан, инновацион усуллардан самарали фойдаланиш бўйича тажрибаларини оммалаштиришга мазкур танловнинг илк саралаш босқичларида қарийб 2 минг 500 дан зиёд мутахассис иштирок этди.
Танлов иштирокчилари “Энг яхши услубчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор тарбиячи”, “Инновацион ва ахборат технологияларни қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши ғоя муаллифи”, “Моҳир қўл устаси” каби номинациялар бўйича баҳс олиб борди.
Мазкур жараёнларда ғолиб чиққан 75 нафар мутахассис мамлакат босқичи йўлланмасини қўлга киритиш учун танловнинг вилоят босқичида билим ва кўникмаларини синаб кўрди. Уларнинг беш йўналишда бажарган шартларини талабчанлик билан баҳолаган ҳакамлар ҳайъати пойтахтда Наманган вилояти шарафини ҳимоя қиладиган тарбиячилар номини аниқлаб берди.
Якуний хулосаларга кўра, Тўрақўрғон туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Феруза Мамадалиева “Энг яхши методист тарбиячи”, Поп туманидаги 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Комуна Бурхонова “Энг яхши ижодкор тарбиячи”, Чустдаги 51-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Марғуба Мухторова “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, Чортоқ туманидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулгина Aбдулина, “Энг яхши ғоя муаллифи”, Тўрақўрғондаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Наргиза Aкбарова “Моҳир қўл устаси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова танлов ғолибларига диплом ва совғаларни топширди.
Манба: ЎзА