Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сифат стандарти бўйича халқаро сертификат нима беради

2021-08-11 | Сиёсат

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги, муҳими, халқни рози қилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бу бежиз эмас. Чунки давлат ташкилотларига юкланган функционал вазифаларни аниқ белгилаш ҳамда уларнинг лозим даражада бажарилишини назорат қилишда, аввало, мазкур вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари ва кўрсаткичларини белгилаб олиш зарур.  

Шунга кўра ташкилотлар ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилиши мақсадга мувофиқ.  

Адлия вазирлиги ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб ушбу ташкилот Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган эди.

Энди эса Адлия вазирлиги “ISO 9001 сифат менежменти тизими” халқаро стандарти сертификатини қўлга киритди.

Бу фаолият самарадорлигининг аниқ кўрсаткичларини белгилаб олиш ҳамда иш жараёнларни стандартлар асосида ташкил қилиш, вазифалар сифатли бажарилишини баҳолаш тизими ҳисобланади.  Адлия вазирлиги бу стандартни нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё давлатлардаги вазирликлар орасида биринчилардан бўлиб қўлга киритди.  

Мазкур стандарт нуфузи ҳақида тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда 170 дан ортиқ мамлакатдаги 1 миллиондан ортиқ фирма ва ташкилот ушбу сертификатга эга бўлган.

Ушбу сертификатни қўлга киритиш учун Адлия вазирлигида нималар амалга оширилди?

Биринчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолияти жараёнлари  ва уларнинг натижасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар ярим йиллик якуни бўйича вазирлик иш фаолияти жараёнлари ва уларнинг натижалари олдиндан белгиланган мезонларга кўра баҳолаб борилади.

Иккинчидан, барча йўналишлар бўйича эришилиши лозим бўлган кўрсаткичлар белгилаб олинди. Мазкур кўрсаткичларга эришилиши ҳолати ҳар ҳисобот даврида мониторинг қилиб борилмоқда.  

Учинчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолиятини амалга оширишда ташқи ва ички имкониятлар ва хавф-хатарлар, манфаатдор томонлар ва уларнинг талабларини аниқлаштириш бўйича таҳлил ўтказилиб, фаолият сифатига таъсир қилувчи хавф-хатарларни камайтириш ва сифатни янада ошириш бўйича иш режалар ишлаб чиқилди. Бунда иш фаолияти ҳар ҳисобот даврида аудитдан ўтказилиб, сифатга таъсир қилувчи омиллар бартараф қилиб борилади.

Тўртинчидан, анъанавий тарзда ҳисоботдаги кўрсаткичларни миқдоридан келиб чиқиб баҳолашдан воз кечилиб, ҳар бир соҳа бўйича алоҳида мақсадли мезонлар белгилаб олинди ва ушбу мезонлар бажарилганига қараб баҳолаш тизими жорий қилинди.

Масалан, стандарт талаблари бўйича сифат мезони сифатида мурожаатлар бўйича келиб тушган мурожаатлар сони эмас, балки мурожаат қилувчиларнинг талаблари қаноатлантирилиб, аниқ чоралар кўрилган мурожаатлар сони; назорат қилиш функциялари бўйича ўрганишлар сони эмас, балки аниқланган қонунбузилишлар бартараф қилинганлари сони; қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар сони эмас, балки аниқ муаммоларни ечишга қаратилган ва қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар сони мезон сифатида олинди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижасида адлия органлари ва муассасаларида кераксиз ҳисобот кўрсаткичларининг ортидан қувиш эмас, балки юридик ва жисмоний шахслар, хусусан, фуқароларнинг аниқ қонуний ҳуқуқларини тиклаш бўйича кўрсаткичларга эътибор қаратилмоқда. Қонунчилик ҳужжатларига таҳририй ва амалий жиҳатдан аҳамиятсиз таклифлар ўрнига аҳоли ва тадбиркорларнинг оғирини енгил қилувчи ҳамда ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бекор қилувчи таклифлар тақдим қилинишига эришилди.

Бу борадаги комплекс ишлар ҳали давом этмоқда. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Адлия вазирлигининг фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига ҳаракат қилинмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари асосида инсонпарвар қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилишига эришиш устувор мақсад қилиб олинган.

Манба: ЎзА

Поделиться