Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонлари
2021-08-10 | Спорт
Маълумки, 23 июль санасидан эътиборан бутун дунё нигоҳи Токио шаҳрига қаратилди. Хусусан, биз ҳам Токио — 2020 XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларимизнинг барча баҳсларини ҳаяжон билан кузатдик. Таъкидлаш жоизки, юртимиз шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаган ҳар бир спортчимиз беллашувлар давомида кучли матонат ва шижоат эгаси эканликларини яққол намойиш этишди.
Биз ҳам Олимпиада якунига қадар, Ўзбекистон ҳисобига 3 та олтин ва 2 та бронза медалини тақдим этган спортчиларимиз Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев, Баҳодир Жалолов, Бекзод Абдураҳмонов, Давлат Бобоновлар билан биргаликда қувондик ва ҳаяжонландик. Энг муҳими, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланиш арафасида эришилган бу муваффаққият давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлади. 16 кун давом этган Олимпиада давомида қайсидир бой берилган ўринлар учун тушкунликка тушмай, сафдошларини қўллаб-қувватларда давом этган барча спортчиларимиз бугун ёруғ юз ила ватанга қайтишди.
Шу ўринда, мазкур Олимпия ўйинларида, юртимиз нуфузи, халқимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ҳар бир спортчимизнинг натижалари билан бирга халқаро майдондаги муносиб иштироки учун ҳам чин дилдан ташаккурлар айтамиз.
Дарвоқе, шу ўринда алоҳида эътироф билан тилга олишимиз лозим бўлган яна бир спортчимиз — спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этган дунёдаги ягона аёл сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган Оксана Чусовитина билан ҳам ҳар қанча фахрлансак арзийди.
У халқаро майдонда туриб, спорт билан хайрлашар экан, майдондаги барча тик турган ҳолатда унга ҳурмат кўрсатиб, олқишлади. Бу жуда катта бахт ва самимий якун бўлди.
Қадрли спортчилар! Сиз бутун дунё кўз ўнгида ўзингизни Алпомишлар юртидан, Амир Темур, Мангуберди авлоди, Тўмарис ва Барчинойларга қиёсланган оналар фарзанди эканлигингизни яна бир бор исбот этдингиз.
Мардлик, жасурлик, орият ва шаън ҳар бирингизнинг қонингизда бор.
Сиз ғолиблар авлодисиз, шуни доим ёдда тутинг!
Қайси макон, қайси замонда бўлмасин ҳар беллашувингизда зафар қучиб, юрт байроғи ҳамиша бошингиз узра ҳилпирасин!
Зотан, ана шу ҳилпираган байроқ ғурур ва ифтихор билан ёш авлодни сизнинг ортингиздан эргаштиришини асло унутманг!
Келгусидаги беллашувларингизда сиз елкангиз узра баланд кўтариш илинжида кўксингизга босиб турган ватан байроғи билан бирга, юрт шаъни, халқимиз, ота-боболаримиз орзу-мақсадларини ҳам кўкларга кўтаришни чин дилдан истаб, ҳаракат қилишингизга ишонамиз.
Сўзимиз якунида, сизни тарбиялаб вояга етказган ота-онангиз, сиздек спортчиларни ҳам жисмонан ҳам руҳан чиниктирган устозларингизни фарзандларининг муваффаққияти билан чин дилдан табриклаймиз!
Мислсиз меҳнатлари учун улар каби фидойи инсонлардан умрбод миннатдормиз ва бошимиз ерга теккунча таъзимдамиз.
Азиз спортчилар! Биз сиз билан кўксимиз ғурурга тўлиб фахрланамиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги