Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Хиросима университети президенти билан учрашув ўтказди
2021-08-10 | Сиёсат
Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Хиросима университети президенти Мицуо Очи билан учрашув ўтказди
Суҳбат давомида Япония университети ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан кейин Хиросима университети делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ва сентябрь ойида Ўзбекистон тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари учун онлайн-маърузалар ташкил этиш, шунингдек, Японияда ўзбек талабаларини тайёрлаш учун қўшимча грант маблағлари ажратиш бўйича келишувларга эришилди.
Дипломатик миссия раҳбари Хиросима университетида таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди ва талабаларнинг диссертация мавзулари билан танишди.
Юртдошларимизга мамлакат раҳбарияти чуқур билимга, жумладан, ўз мутахассислиги ва хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ёшларга катта умид боғлаётгани, шунингдек, уларга Ўзбекистонда ишлаш учун барча зарур шарт-шароитларни яратилиши таъкидланди.
Элчи ватандошларимизни университетда фаол ўқишни давом эттиришга ва муваффақиятли якунлангач, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга даъват этди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги