Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилади
2021-08-09 | Соғлиқни сақлаш
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилмоқда. Бунда ҳукумат зиммасига сув хўжалигини ривожлантириш, сувни оқилона бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва сувга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш, шунингдек, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш масалалари юклатилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига сув истеъмолчилари уюшмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг кўрсатган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ундирилишида ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда аҳоли томорқа ерларига сув етказиб бериш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш масаласи белгиланмоқда.
Шу билан бирга сувни истеъмол қилиш қоидалари бузилган, сув мақсадсиз истеъмол қилинганда ҳамда лимитдан ортиқча сув олинганда сув истеъмолчиларига сув беришни вақтинча тўхтатиб қўйишга ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш масалалари қонун лойиҳасига киритилмоқда.
Депутатлар лойиҳада ўз аксини топган алоҳида аҳамият касб этадиган сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа стратегик сув хўжалиги объектларидан ташқари сув объектлари ёки уларнинг қисмлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклиги тамойиллари ҳамда бошқа шартларда фойдаланишга берилиши мумкинлиги киритилаётганини эътироф этиб, бунда сув омборлари, сел-сув омборлари ҳамда стратегик давлат сув хўжалиги объектларини хусусийлаштирилмасликни белгилаш масаласини қўллаб қувватлашди.
Шунингдек, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш масалаларидаги нормаларни ҳам мустаҳкамлаб қўйиш таклифлари илгари сурилди.
Фракция аъзолари лойиҳада сув объектларидан саноат мақсадларида ва энергетика эҳтиёжлари учун фойдаланувчиларга атом энергетикаси ҳам киритилиб, уларнинг мажбуриятларига сувларнинг радиоактив ифлосланишини белгиланган меъёрлардан ошишига йўл қўймаслик шартлиги белгиланаётганини ижобий баҳолашди. Чунки айрим саноат корхоналари сув ресурсларидан фойдаланишда ўз манфаатлари йўлида табиатга ортиқча зарар етказаётганлик ҳолатлари кўп кузатилаётганлиги барчамизга маълум.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади, тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбар ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор тузган битимлардан бош тортиш, уларнинг ҳақиқий эмаслиги шартлари тартибга солиниши белгиланмоқда.
Депутатлар айтиб ўтганидек, лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, суд бошқарувчилари ўз мажбуриятларини бажаришда қўшимча ҳуқуқларга эга бўлиб, улар фаолияти натижалари рағбатлантирилади, шу билан бирга жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳамда улуш киритиш асосида қурувчиларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилади.
Манба: ЎзА