Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий форуми – кўп томонлама ҳамкорлик учун макон

2021-08-09 | Иқтисодиёт

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3 Маслаҳат учрашуви давомида “Аваза” Миллий туристик зонасида (Туркманистон) Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий форуми бўлиб ўтди.

Тадбир ўз майдонида 150дан кўпроқ делегатларни – Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳукумат доиралари вакиллари, асосий вазирлик ва идоралари раҳбарларини қамраб олди.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирокчиларга Туркманистон Президенти Г.Бердимуҳамедовнинг қутлови ўқиб эшиттирилди. Форум иши савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда, энергетика ва кимё тармоқларида, шунингдек, транспорт - логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш каби алоҳида йўналишлар бўйича тематик сессиялар шаклида ташкил этилди. Ҳар бир сессия давомида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида келгусидаги ҳамкорликка оид аниқ таклифлар ўртага ташланиб, кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси номидан Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди. “Марказий Осиё мамлакатларининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти” сессиясида сўзга чиқар экан, у Форумнинг минтақа барқарор ривожланишига қаратилган мамлакатлараро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш платформаси сифатида муҳимлигини таъкидлади.

Минтақа ичидаги савдо ҳажмини оширишнинг улкан салоҳияти қайд этилди – сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан савдо айланмаси икки баробар ошиб, 2020 йилда 5 млрд долларга етди. Шу нуқтаи назардан, электрон тижоратни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркорлари ва экспортчилари ўзаро бевосита мулоқот қилиш ҳамда ўзаро манфаатли келишувларга эришишлари учун ягона электрон савдо платформасини яратиш истиқболлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва савдо тўсиқларини изчил бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.

Саноат кооперациясини жадал ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор соҳаси сифатида белгиланди. Бу, шунингдек, минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдирувчи афзалликларидан фойдаланиш ва минтақа ичида узлуксиз қиймат занжирларини шакллантириш имконини беради. Ўзбекистонда ўтган 5 йил мобайнида қўшни мамлакатлар компаниялари иштирокидаги корхоналар сони 6 баробар ошгани таъкидланди. Шунингдек, қурилиш материаллари, автомобиллар ва маиший техникани ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишнинг ёрқин намуналари келтирилди.

Минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини юксалтиришга барқарор иқтисодий ривожланиш, инвестицияларни жалб этиш ва минтақавий савдони рағбатлантиришнинг муҳим омили сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, пандемия оқибатида юзага келган чекловларга қарамай 2020 йилда Марказий Осиёда кузатилган юк ташиш ҳажмининг ўсиши халқаро автомобиль ва темир йўлларни янада кенгайтириш ва транспорт - логистика инфратузилмасини мустаҳкамлашнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатларини боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш, минтақа мамлкатларининг транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, божхона расмийлаштируви тартибларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклифини билдирди.

Сессия иштирокчилари кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий иқтисодий манфаатларни рағбатлантириш юзасидан конструктив фикр алмашдилар. Тадбир якунида минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлашга қаратилган кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш зарурлиги тўғрисида муштарак ёндашув ишлаб чиқилди.

Форум дастури доирасида икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ўтказилди. Эришилган келишувлар тадбир доирасида имзоланган тегишли ҳужжатларда белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться