Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
COVID-19га қарши вакциналар соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро форумда Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
2021-08-06 | Соғлиқни сақлаш
Кеча COVID-19га қарши вакциналар соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро форум видеоконференция шаклида ўтказилди.
ХХР Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан ташкил этилган ва Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И раислик қилган ушбу форумда турли мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс, Эпидемияга тайёргарликни таъминлаш бўйича инновациялар коалицияси етакчилари, шунингдек, вакцина ишлаб чиқарувчилар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Анжуман иштирокчилари COVID-19 вакциналарининг глобал жамоатчилик манфаати сифатида муҳимлигини таъкидлаш баробарида, барча томонларни вакциналарни янада қулай ва арзонлаштириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Вакцинация жараёнида ҳукуматлар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, ривожланаётган мамлакатларга вакциналарни ажратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳимлиги қайд этилди.
COVID-19га қарши эмлаш бўйича глобал вакцинани ишлаб чиқаришни кенг тарғиб қилиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, вакцина харидлари ва ишлаб чиқариш учун молиявий институтлар кўмаги зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизда аҳолининг юқори сифатли соғлиқни сақлаш хизматларига, шунингдек, самарали дори-дармон ва вакциналарга бўлган талабини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди. Оммавий эмлаш ва бутун мамлакат аҳолиси учун вакцинадан тенг фойдаланишни таъминлаш, коронавирус инфекциясига қарши жамоавий ҳимояни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум қилинди.
Компаниялар ва барча манфаатдор томонларни жалб қилиш ва вакциналарни ишлаб чиқариш ҳамда тарқатиш ҳажмини кўпайтириш, арзон тарқатишни биргаликда рағбатлантириш ва бутун дунё бўйлаб маҳаллий вакциналар ишлаб чиқаришни кучайтириш бўйича халқаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларда уларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар тасдиқланди.
Халқаро анжуман якунида вакциналар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро форумнинг Қўшма декларацияси қабул қилинди. Унда иштирокчилар COVID-19 пандемиясига қарши кураш, COVID-19га қарши эмлашда бирдамлик ва ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, декларацияда глобал жамоат фаровонлиги сифатида мамлакатларни вакциналарни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, ЖССТнинг қатъий стандартлари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқаришда иштирок этувчи манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилишга даъват этилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги