2021 йил 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Юэ Сяоюн билан учрашув ўтказди.
Хитой вакили томонидан Тошкент шаҳрида минтақавий боғлиқлик бўйича яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференция натижалари юксак баҳоланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу юқори даражадаги халқаро анжуманни ўтказиш бўйича ташаббуси ниҳоятда муҳим бўлиб, тадбир кун тартибидан долзарб масалалар ўрин олгани эътироф этилди.
Учрашувда томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият ҳамда унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар, мамлакатдаги тинчлик жараёнига биргаликда кўмаклаш масалаларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон ва Хитой кўп йиллардан бери давом этиб келаётган ихтилофни ҳал қилиш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳааракатларини жипслаштиришга алоҳида эътибор қаратишлари таʼкидланди.
Ўзбекистон ва Хитойнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама ҳамда халқаро ташкилотлар, шунингдек, Доҳа платформаси ва ШҲТ-Афғонистон Мулоқот гуруҳи доирасидаги ҳамкорлигини давом эттириш лозимлиги қайд этилди.
Минтақа давлатларининг афғон инқирозига нисбатан якдил ёндошувларга амал қилиши, афғон халқига кенг кўламли иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этиши зарурлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги