Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2021-08-05 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида мамлакатимизда ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси М.Лиивала билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томони М.Лиивалага Ўзбекистон-Финляндия муносабатлари ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этди. Ўз навбатида, финляндиялик дипломат мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, муштарак вазифаларни амалга ошириш доирасидаги самарали ҳамкорлик учун ташаккур билдирди.
Учрашув чоғида савдо, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва туризм каби устувор йўналишларида Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди.
Финляндия дунёдаги энг экологик тоза ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида улкан тажрибага эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон томони “яшил технологиялар” соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қизиқиш билдирди.
Яқин келажакда Ўзбекистон – Финляндия ўртасида Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форумни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги