Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2021-08-05 | Таълим
Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Озарбайжон давлат божхона қўмитаси академиясида бўлди.
Элчи академия фаолияти билан яқиндан танишгани баробарида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди.
2012 йилда ташкил этилган мазкур академия Озарбайжон давлат божхона қўмитаси ҳузуридаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Академия бакалавр ва магистратура йўналишларида иқтисодиёт, божхона, ҳуқуқ, ахборот хавфсизлиги, халқаро савдо ва логистика бўйича мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Бундан ташқари, таълим муассасаси негизида ДБҚ ходимларининг малакаси ҳам оширилади.
Академия халқаро ҳамкорлик доирасида қатор хорижий давлатларнинг таълим тузилмалари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйган. Ушбу фаолият доирасида тренинглар, конференциялар, курслар, семинарлар ва бошқа тадбирлар доимий равишда ўтказилмоқда.
Учрашув якунлари бўйича Озарбайжон давлат божхона қўмитаси академияси ва Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институти ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш, жумладан, ўзаро делегация алмашувларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги