Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркманистон икки томонлама алоқаларни мустаҳкамламоқда
2021-08-05 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ашхобод шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Р.Мередов билан учрашди.
Кун тартиби доирасида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати таҳлил этилди, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Томонлар қўйилган вазифаларни тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун конструктив мулоқотни ривожлантириш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.
Туркманистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3-Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди. Ушбу тадбир минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган муҳим ва кескин ривожланишга қаратилган келишувларга эришиш учун платформа бўлишга мўлжаллангани алоҳида таъкидланди.
Икки мамлакат ўзаро ҳамкорлик қилишининг юксак салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон Ҳукуматлараро комиссиясининг яқин келажакда ўтказилиши режалаштирилган йиғилишининг долзарблигини қайд этдилар.
Шу нуқтаи назардан, мавжуд масалалар устида ишлаш ҳамда инвестициялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, транспорт, молиявий ва минтақалараро ҳамкорлик, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида тегишли келишувлар тайёрланишини маромига етказиш мақсадида айрим йўналишлар бўйича икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари даражасида видеоконференция орқали икки томонлама учрашув ва музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларнинг бошқа масалалари бўйича муҳим келишувларга эришилди ва уларни амалга оширишга доир ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш йўллари белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги