Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида
2021-08-05 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчилик санъати сир-асрорларини оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Республикада гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Гул етиштирувчилар уюшмасига:
тадбиркорлик субъектларини гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шу жумладан, хорижий давлатларда ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
гулчилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
хорижий давлатлардан экспортбоп гул навларини парваришлаш учун олиб келиш ва уларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, парваришланган гулларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатсин.
2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманларини, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманларини ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманларини гулчиликка ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, А.Тўраев) Гул етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда гулчиликка ихтисослашган туманларда тажриба тариқасида гулчилик соҳасида тажрибага эга бўлган тадбиркорлар томонидан гулчилик кластерлари ташкил қилинишини таъминласин.
3. Халқаро молия институтларидан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун жалб қилинадиган кредит линиялари мазкур қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун ҳам йўналтирилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, гулчиликка ихтисослашган туманларда:
гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга деҳқон хўжалигини юритиш мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибида ажратилади;
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади;
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга очиқ майдонда ҳамда иссиқхоналарда гул етиштириш бўйича агротехник тадбирларни ўргатиш мақсадида Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида ҳар бирининг майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигон”ларини ташкил этиш учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади;
“Гулчилик ўқув полигон”ларида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва махсус сертификат олган ишсиз, эҳтиёжманд оилаларга гул ва кўчат етиштиришни ривожлантириш мақсадида 6 сотихдан ер майдони электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари икки ой муддатда “Гулчилик ўқув полигони” ташкил қилиш истагини билдирган ташаббускор тадбиркорлар учун ер майдонларининг электрон онлайн-аукционга ёки очиқ электрон танловга қўйилишини таъминласин.
5. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021-2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.
6. 2023 йил 1 январга қадар туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан, вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархиши (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилсин.
7. Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда илмий-техник дастурлар доирасида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ва инновация ишларининг кўламини кенгайтиришга қаратилган, аниқ натижа берадиган лойиҳаларга давлат буюртмасини шакллантириб, рақобат асосида молиялаштиришга танлов эълон қилсин.
Бунда, илмий лойиҳаларга ажратиладиган маблағларнинг камида 40 фоизи экспортбоп ва қиммат гулларни (орхидея, лилия, пион ва бошқалар) маҳаллий иқлимга мослаштириш учун ген инженериясига ихтисослашган илмий лабораторияларни ташкил этиш ҳамда жиҳозлашга йўналтирилсин.
8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанларини киритиш ва ўқув соатларини оширишга эътибор қаратсин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида Туркия Республикасининг Испарта амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Манзарали боғдорчилик ва гулчилик соҳасида кадрлар тайёрлашни қўшма таълим дастурлари асосида йўлга қўйсин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларни гулчилик соҳасига ўқитиш мақсадида икки ой муддатда Андижон вилояти Шаҳрихон тумани, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ва Тошкент вилояти Зангиота туманидаги агротехнологиялар техникумларида ландшафт дизайни, гулчилик селекцияси ва кўчатчилик йўналишларида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилсин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев, А.Тўраев) уч ой муддатда Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган гул етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида “Гулчиликка ўқитиш маркази” фаолиятини йўлга қўйсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Гулчиликка ўқитиш маркази”га Нидерландия қироллиги, Туркия Республикаси ва Таиланд қироллигидан жалб қилинадиган малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаш харажатларининг 50 фоизини Европа Иттифоқининг “Бюджетни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида агросаноат мажмуасини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш чораларини кўрсин.
12. Республикада гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар бир ҳудудларда гул кўчатлари таъминотчилари билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида лойиҳалар сонини кўпайтириш учун маҳаллаларда гулчилик лойиҳалари бўйича тақдимотлар ва семинарлар ўтказилишини таъминласин;
Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида гул ҳамда кўчатларнинг йирик улгуржи бозорини ташкил этиш чораларини кўрсин.
14. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳар йили апрель-май ойларида Наманган вилоятида “Халқаро гуллар фестивали”ни ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.
15. Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев бир ҳафта муддатда Гул етиштирувчилар уюшмаси фаолиятини ташкил этиш, хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш, халқаро гуллар фестивали ва кўргазмаларда иштирок этиш ҳамда илмий конференцияларни ўтказиш, соҳага оид замонавий хорижий адабиётларни олиб келиш ва таржима қилиш, гулчилик соҳасига оид маҳаллий илмий ишлар, монографиялар ва нашрларни рағбатлантириш, гул турлари тизимини яратиш (соғлом ва бошланғич гул етиштириладиган кўчатхоналар) учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминласин.
16. Гулчилик соҳасига оид лойиҳаларни молиялаштириш устувор равишда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан, шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида эса барча тижорат банклари томонидан амалга оширилиши белгилансин.
17. Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (А.Тўраев) ўз тизимидаги илмий-тадқиқот институтларининг бўш ер майдонларида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган хона, гулзор, бута, манзарали дарахт ва совға гуллари етиштириладиган кўчатхоналар ташкил этилишини таъминласин.
Бунда, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига мазкур бандда назарда тутилган кўчатхоналарни маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда ташкил этиш учун ўзига тегишли ер майдонларини ажратиш ҳуқуқи берилади.
18. Гул етиштирувчилар уюшмаси Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманининг А.Яссавий маҳалласи ҳудудида жойлашган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига тегишли бинода текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
19. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори А.М.Тўраев ҳамда Гул етиштирувчилар уюшмаси раиси белгилансин.
Ушбу қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 4 август
Манба: ЎзА