Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Партиянинг сайловолди вазифалари белгиланди
2021-08-02 | Сайлов
O’zLiDeP Андижон вилоят кенгашининг сайлов масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 23 июлдан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошлангани расман эълон қилинди. Ана шу жараёнга тайёргарлик ишлари юзасидан партия вилоят кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки, партиядан кўрсатиладиган номзод тўғрисида ҳамда ҳудудий партия ташкилотларида сайловолди штабларни ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Партия тузилмалари масъул ходимлари, депутатлар, фаоллар иштирокидаги мазкур йиғилишда сўз олган партия вилоят кенгаши раиси Хуршида Халилова ва бошқалар томонидан жорий йилда ўтказиладиган Президент сайлови янги танланган миллий сайлов қонунчилиги асосида умумэътироф этилган халқаро стандартларга, шунингдек, демократик тамойилларга асосан очиқ ва ошкора ўтказилиши, мазкур жараёнда O’zLiDeP ҳам фаол иштирок этиши таъкидланди.
– Айни кунда партия вилоят кенгашида 17 нафар аъзодан иборат сайловолди штаби тузилган, – дейди партия вилоят кенгаши аппарат раҳбари Ҳожимуҳаммад Хасанхонов. – Штаб аъзоларининг ҳар бирига сайловолди кампаниясининг барча йўналишларида тарғибот-ташвиқот, ташкилий вазифаларни амалга ошириш юклатилди. Бундан ташқари, партия туман, шаҳар кенгашлари томонидан ҳам ана шундай штаблар ташкил этилди. O’zLiDeP бу йилги сайловда мутлақо янги имиж, янгича ёндашувлар билан иштирок этади.
Йиғилишда O’zLiDeP вилоят кенгаши сайловолди штабининг асосий вазифалари белгилаб олинди. Хусусан, партия cайловолди кампаниясининг мафкуравий, ахборот-таҳлилий ва PR таъминоти ҳамда ОАВ билан ишлашни мувофиқлаштириш, номзоднинг кўргазмали тарғибот воситаларини ишлаб чиқиш, O’zLiDePнинг сайловолди кампанияси фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш, сайлов комиссиялари билан ишлаш каби долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур йўналишлардаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунда сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Манба: ЎзА