Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада 548 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди
2021-08-02 | Хавфсизлик соҳаси
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ноқонуний товар-моддий бойликларни олиб кириш йўналишида 548 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 23,3 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларнинг 27 таси юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлса, 521 таси бўйича маъмурий ишлар юритилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун суд идораларига юборилган. Бу ҳақида Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Ихволжон Азимов матбуот анжуманида маълум қилди.
Божхона органлари томонидан республикамизда “яширин иқтисодиёт”нинг улушини қисқартириш ва товарларнинг ноқонуний ҳаракатини олдини олиш борасида қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида божхона бошқармаси ходимлари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумот асосида Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи жамият номига Хитой давлатидан импорт қилинган товарлар божхона кўригидан ўтказилганда хужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 1 миллиард 241 миллион сўмлик уй-рўзғор буюмлари борлиги аниқланган. Данғара туманида жойлашган жамият номига Ҳиндистон давлатидан қиймати 230 минг АҚШ долларига тенг бўлган технологик ускуналар олиб келиниб, божхона тўловларидан 396,27 миллион сўм имтиёз қўлланилган ҳолда эркин муомалага чиқарилган. Бироқ Ҳиндистон давлатидан олинган маълумотда юқоридаги ускуналарнинг техник хусусиятлари ва ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ҳужжатлар қалбаки эканлиги маълум бўлган.
Контрабанда ашёларининг ноқонуний ҳаракатининг олдини олиш борасида гиёҳвандлик моддалардан 433,17 грамм опий, 383,35 грамм “марихуана”, 2 туп “каннабис”, 2,01 грамм гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи ва 38 таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситаси, кучли таъсир қилувчи 5 флакон “Тропикамид” ва 9 капсула “Регапен” дори воситалари, 135 дона психотроп моддалар аниқланган.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Манба: ЎзА