Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ёш китобхон оила” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
2021-08-02 | Жамият
Нурафшон шаҳрида “Ёш китобхон оила” танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг туман-шаҳар босқичлари жорий йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтган эди. Мазкур босқичларда 940 ёш оила иштирок этган бўлиб, ундан юқори натижаларни эгаллаган 18 ёш оила вилоят босқичига йўл олди.
Асосий мақсад жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантиришдир.
Танловнинг ҳудудий босқичлари 2 та шарт, жумладан, тезкор савол-жавоб орқали иштирокчиларга тавсия этилган адабиётларни қай даражада ўзлаштиргани аниқланди. Бадиий асарлар билимдони шартида танланган билетда кўрсатилган асарнинг сюжетига оид эпизод ўқиб эшиттирилди ва иштирокчилар ушбу парча қайси асардан олинганини изоҳлашди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Оққўрғон туманидан қатнашган Файзуллаевлар оиласи 191,6 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Чирчиқ шаҳридан Назирхўжаевлар оиласи 138,3 балл билан иккинчи ва Тоғаймуродовлар оиласи эса 113,3 балл билан учинчи ўринларга муносиб кўрилди. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Танловнинг Республика босқичи жорий йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида телевизион форматда бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 ёш оила 3 шарт бўйича ўзаро беллашади. Ғолиб бўлганлар, хусусан, 1-ўрин «Спарк» автомашинаси, 2-ўрин компьютер жамланмаси ва 3-ўрин эгалари китоблар тўплами билан тақдирланади. Республика босқичининг барча иштирокчиларига эса “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилган китоблар жамланмаси тақдим этилади.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги