Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Меҳрибонлик уйида янгича тизим ташкил этилди
2021-08-02 | Жамият
Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Саитджанов масъул ташкилотлар билан биргаликда 32-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ҳолидан хабар олди.
Учрашувда болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида уларни Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари, полигонлари, чавандозлар мактабларига олиб чиқиб, ҳарбий техникадан фойдаланиш, от спортига ўргатишни ташкил этиш борасида чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, болаларга тарбия бериш, уларни фан, IT-технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спортнинг нуфузли турлари билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича мутлақо янги услубларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Давлат раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг Меҳрибонлик уйи йигит-қизларидан ташкил топган ҳар бир гуруҳга Миллий гвардиянинг малакали офицер ва психологлари бириктирилди. Болалар билан якка ва жамоавий суҳбатлар ташкил этилди. Бу орқали, болаларнинг келгуси ҳаётида юксак марраларни забт этиши учун ишонч уйғотилди.
Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қизиқувчан ёшлар от спорти билан шуғулланиш имконига эга бўлди. Бу эса, албатта уларнинг келгусида соғлом, жисмонан тетик, қўрқмас бўлишида ҳамда ўзига бўлган ишончни ортишида муҳим аҳамият касб этади. –Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан ишлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига бир қатор вазифалар белгилаб берилди, –дейди Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси офицери катта лейтенант Муроджон Раҳматуллоев. – Хусусан, Президент соҳада ишлар қониқарсиз эканлигини ва янги тизим жорий қилиниши кераклигини билдириб, бу ишларга Миллий гвардия масъул эканлигини таъкидлади. Бу борада 32-Меҳрибонлик уйида ҳам янги тизимда амалга ошириладиган ишлар белгилиб олинди. Болажаонларнинг ҳар бири билан ишлаш тизими яратилди. Давлат раҳбари яратиб берган тизим албатта ўзининг самарасини беради.
Манба: ЎзА