Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бизнес билан бевосита мулоқот - ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг энг самарали воситаси

2021-08-02 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан бўладиган очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штаб фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, бизнес-омбудсман Д.Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси  Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири А.Алламуродов спикерлар сифатида сўзга чиқди.

Матбуот анжумани чоғида режалаштирилган тадбирга тайёргарлик кўриш жараёни, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилган тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штаб фаолияти муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, иқтисодий ўсишни таъминлашда ўрта ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш муҳим ўрин тутади. Айни пайтда бу йўналишда амалий чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, тадбиркорлар ўз фаолияти давомида бир қатор тизимли ва хусусий муаммоларга тез-тез дуч келмоқда.

Шу боис, давлат ва бизнес ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш ва жойлардаги вазиятни холисона баҳолаш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун тадбиркорлар ва инвесторлар билан мақсадли ишларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш мамлакат ишбилармонлик доиралари вакиллари билан муносабатларнинг тубдан янги шакли эканлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Штаб фаолияти ва тадбиркорлардан энг кўп тушаётган мурожаатлар масалаларига тўхталиб ўтилди. Статистик маълумотларга кўра, кредит ресурслари, ер участкалари ажратиш, ишлаб чиқариш корхоналарини муҳандислик инфратузилмасига улаш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар энг кўп учраётган муаммолардир.

- Штаблар ҳудудларда ҳам фаолият кўрсатмоқда - дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков. — Уларга ҳар бир масъул вазирлик ва идорадан 3 нафар ходим бириктирилган. Тадбиркорлардан келиб тушаётган таклиф ва мурожаатлари 16 йўналишга тақсимланиб, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида мониторинг олиб борилмоқда. Қабул қилинган якка тартибдаги мурожаатларга кўра, ишчи гуруҳ вакиллари тадбиркорлар билан шахсан боғланиб, уларнинг масалаларини зудлик билан ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Штаб ташкил этилганидан буён тадбиркорлардан 7146 та мурожаат, жумладан, хусусий характердаги 5783 та мурожаат, тизимли характердаги 1234 та масала ва бошқалар келиб тушгани маълум қилинди.

Штабнинг таҳлилий гуруҳи тизимли ва алоҳида муаммолар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни тизимлаштириш ва таснифлаш ҳамда уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерлар тадбир кун тартибига оид бир қатор масалаларни кўтаришди. Хусусан, Штабга мурожаат қилган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, муваффақиятли бизнес учун қийинчиликлар туғдираётган давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Мамлакатимиз Президенти билан очиқ мулоқотдан сўнг тадбиркорлар ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот амалиёти давом этадими, йўқми, журналистларни ҳам қизиқтирди. Тадбиркорларнинг маҳаллий ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ҳуқуқий тартибга солиш чора-тадбирларига, шунингдек, тадбиркор ва инвесторлар муаммоларини тезкорлик билан аниқлаш мақсадида Штабнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигининг мавжуд имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Очиқ суҳбат давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари барча билдирилган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Тадбир якунида қатнашган журналистларга Штабнинг ишида бевосита иштирок этиш ва келиб тушаётган масалаларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш жараёни билан танишишга таклиф этилди ва ушбу таклиф оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться