Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ал-Қувайтда эришилган келишувларни амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди
2021-07-30 | Сиёсат
Ўзбекистон элчиси Баҳромжон Аълоев Қувайт ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Сулаймон ал-Сайид билан учрашди
Қувайт томони 15-16 июль кунлари Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражали халқаро конференция мувафаққиятли ўтказилганини эътироф этди. Анжуман Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича жиддий ёндашувини яққол намоён этгани таъкидланди. Қувайт раҳбарияти Ўзбекистон томонига ушбу форум якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш учун тайёр эканини билдирди.
Бундан ташқари, 16 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қувайт ташқи ишлар вазири шайх Аҳмад Носир Муҳаммад ас-Сабоҳ ўртасидаги учрашувнинг якунлари юқори баҳоланди. Ўзбекистон раҳбари билан мулоқот дўстона, конструктив ва очиқлик руҳида ўтгани, самимийлиги, мазмундорлиги ва самарадорлиги билан ажралиб тургани қайд этилди.
Али Сулаймон ал-Сайид Тошкент учрашувида Ўзбекистон томонидан эришилган келишувларни бажариш бўйича «Йўл харитаси»нинг қабул қилинганини олқишлади. Айни пайтда Қувайт томони ҳам Ўзбекистон ва Қувайт ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харита»сини ишлаб чиқаётгани маълум қилинди.
Учрашув якунида томонлар музокаралар ва ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувлар, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши, жумладан, аниқ фаолиятни ўз ичига олган ягона режани ишлаб чиқишга келишиб олди.
Бундан ташқари, Қувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида молиявий-техникавий соҳада янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорлик қилиш, ахборот технологиялари ҳамда кииберхавфсизлик соҳасида тажриба ва мухассислар алмашиш, шунингдек, олий таълим соҳасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги