Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юрт фаровонлиги – халқлар дўстлиги ва бирдамлигида кўринади

2021-07-30 | Маданият

30 июль – Халқлар дўстлиги куни

Миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари асосида тинчлик, тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.  

Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланишини инобатга олиб, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этилган эди. Аслида бу бежизга эмас, албатта.  

Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад – жамиятимизнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат. Ҳозир мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.

Тошкент вилояти ҳам кўп миллатли ҳудуд ҳисобланади. Аҳолини миллий таркиби бўйича ўзбеклар 70 фоиз, қозоқлар 12 фоиз, тожиклар 5,5 фоиз, руслар 4,6 фоиз ва бошқа миллат вакиллари 7,9 фоизни ташкил этади. Шундан вилоятдаги Юқори Чирчиқ туманида 66 минг 368 нафарга яқин, Бўстонлиқ туманида 42 минг 804 нафарга яқин, Чиноз туманида 26 минг 884 нафарга яқин қозоқ, Ангрен шаҳрида 33 минг 345 нафарга яқин, Бўстонлиқ туманида 28 минг 507 нафарга яқин, Чирчиқ шаҳрида 17 минг 668 нафарга яқин тожик, Олмалиқ шаҳрида эса 27 минг 329 нафарга яқин рус миллатига мансуб фуқаролар яшайди.

Хусусан, Эшонобод қишлоғи – Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳридан 80 километр, Чиноз тумани марказидан 20 километр олисда, қўшни давлат билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу масканни ўзига ватан ичра кичик ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг чеку-чегараси йўқ.

Мазкур ҳудуд “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирди. Натижада бу ерда яшаётган қарийб 3,2 минг нафар аҳолига зарур шароит яратилди. Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, уй-жойлар барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.  

Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла марказида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосар ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит етарли. Шулар қаторида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектори штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган.  

Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олади. 200 ўринли мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўпмиллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имконият аслида.

Бу каби кўп миллатли маҳаллалар вилоятда жуда кўп. Шулардан бири Пискент туманидаги “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғини байналминал ҳудуддир. Ҳозир бу ерда 800 нафар қозоқ, бундан ташқари, ўзбек, корейс, тожик, рус ва татар миллатларига мансуб аҳоли яшайди.

–  Барча миллат вакиллари аҳил бўлиб, бир бирига қариндош бўлиб кетишган, – дейди Қозоқ миллий маданият маркази туман бўлими раҳбари Эркин Умирбеков. – Ҳатто қозоқ оилалар бошқа ўзбек, рус ва татар оилалар билан қуда-андачилик ҳам қилади. Урф-одатлари бирлашиб кетган. Тўй-ҳашамлар, турли байрамларни биргаликда ўтказади. Биз Ўзбекистонда яшаётганимиздан фахрланамиз. Ҳозир Пискент туманида 5 минг нафарга яқин қозоқлар истиқомат қилади. Улар турли соҳаларда меҳнат қилиб, юртимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Маҳалладагилар қозоқ миллати вакили бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Халқ маорифи аълочиси (1922-1976 йй.) Унгар Урмановнинг хотирасини доим эъзозлайди. Бу инсон урушда бир қўлидан айрилди. Шундай бўлса ҳам у халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатган. Бу инсон кўпчиликка ибрат кўрсатган, мактаб давримизда бизга дарс берган. Ўлимидан сўнг хонадонини кексалар оромгоҳи, Қозоқ миллий маданият маркази туман бўлими биноси сифатида фаолият юритиши учун қолдирди. Унинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кексалар ёшларга гапириб беради. Ҳозир Унгар отанинг фарзандлари мамлакатимизда яшамаса ҳам ҳар йили келиб, маҳалладошларига ёрдам кўрсатади.  

Мамлакатимиз ҳудудига ХIХ аср охирларида кўчиб кела бошлаган дунганлар 2008 йили бу заминда яшаётганларига 130 йил тўлганини нишонлади. Дунганлар асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, шунингдек, Фарғона вилоятининг шаҳарларида истиқомат қилади. Асли келиб чиқиши Хитойнинг Шенси вилоятидан бўлган дунганларнинг кўпчилиги Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Улар Ислом динига эътиқод қилиб, ҳаммаси хитой тилининг шенси лаҳжасида сўзлашади. Шу билан бирга ўзбек тилини ҳам яхши билади.  

Ҳудудда 9 та миллат ва элатлар дўстона муҳитда яшайди. Улар орасида дунган элатига мансуб аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, “Дўстлик” МФЙ дея аталгунча бу жойлар халқ орасида “Дунган” маҳалла номи билан машҳур эди.  

Асли Ўрта Чирчиқлик, Дунган маданият маркази раҳбари Мане Савуровнинг таъкидлашича, дунганлар ўзбекларга ўхшаб деҳқончиликни яхши эгаллаган. Йил бўйи турли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиради. Айниқса, шоличиликда юқори ҳосил олишда миришкор ҳисобланади. Уларнинг таомлари ўзига хос бўлиб, қизил ва яшил сабзавотлардан кўпроқ фойдаланилади. Бу ранглар бахт ва шодлик белгиси сифатида талқин қилинади.  

–  Биз ўзбек тилида гаплашишни яхши кўрамиз, – дейди “Дўстлик” МФЙда яшовчи дунган аёли Моҳира опа Машало. – Фарзандларимизга ўзбекча исмлар қўямиз. Масалан, кичик набирамнинг исми Абдулло. Умуман олганда, ўзбек маданиятини севиб, чин қалбимиздан ҳурмат қиламиз. Қўшиларимиз билан борди-келдиларимиз кўп. Тўйларимиз, турли байрамларимиз ўхшаш. Лекин ўзимизга яраша маданиятимизнинг намуналари ҳам бор.  

Ушбу маҳалладаги 42-умумтаълим мактабида ҳозир 420 нафар бола ўқиётган бўлиб, уларнинг 150 нафарга яқини дунган элатига мансуб.

–  Вилоят ҳокимининг тегишли қарори асосида таълим даргоҳимиз хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига айлантирилди, – дейди 42-умумтаълим мактаби директори Мақсуда Муяссарова. – Аввалари бу ерда ўзбек-рус тилларида дарс ўтилган бўлса, эндиликда инглиз ва хитой тиллари ҳам чуқурлаштирилиб ўқитилади. Мактабни хитой тили фани ўқитувчилари билан таъминлаш Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчисига юклатилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб мактабда инглиз ва хитой тилларига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилади. Инглиз ва хитой тилида ҳам болаларнинг билимлари оширилади. Бунинг учун малакали мутахассислар жалб этиладиган бўлди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Айни пайтда 30 дан ортиқ хитой тили бўйича таржимонлар, яъни мактабимизнинг собиқ битирувчилари Ўзбекистондаги Хитой Халқ Республикасининг қўшма корхоналарида фаолият олиб боради.

Мазкур таълим масканининг дунган ўқувчиларидан ташкил топган “Чинме” ҳаваскорлар ансамбли ижросидаги дунган халқ қўшиқлари халқимизнинг Наврўз, Мустақиллик, Конституция кунига бағишланган шодиёналар ва Хитой миллий байрамлари муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида, ой календари бўйича нишонланадиган Янги йил — Чунсзе байрамида, шунингдек, Республика байналмилал маданият маркази тадбирларида ижро этилади. Ёшлар ўз анъаналарига ҳурмат руҳида қарайди.

Умуман олганда, Тошкент вилоятида бу каби байналминал маҳаллалар жуда кўп. Унда кўплаб элатлар тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда.  

Маълумки, ҳозир дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб, миллатчилик, диний муросасизликлар келиб чиқяпти. Бу каби салбий иллатлар жамиятни парчаланишига олиб келади. Ана шундай даврда Президентмиз томонидан турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юртимизда тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам кафолати сифатида хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Поделиться