Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Замонавий мактаб” лойиҳаси ғолиблари тақдирланди
2021-07-30 | Жамият
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 191 умумтаълим мактабида Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси ташаббуси билан “Замонавий мактаб” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик мутасаддилари, Таълим инспексия вакиллари, мактаб директорлари ва лойиҳа ғолиблари иштирок этди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда Офстед ва Жаҳон банки экспертларини жалб қилган ҳолда “Замонавий мактаб”ларга қўйилган талаблар, баҳолаш тартиби ва баҳолаш методикаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, республиканинг турли ҳудудларида жойлашган 11 та умумтаълим муассасаси тажриба-синов тариқасида баҳоланиб, “Замонавий мактаб”ларга қўйиладиган талаблар ва баҳолаш тартиби такомиллаштирилди.
- “Замонавий мактаб”ларга қўйиладиган талаблар 4 та соҳа, жумладан, малакали мутахассислар ҳамда адабиётлар билан таъминланганлиги, таълим ва тарбия жараёни, умумтаълим муассасасини бошқариш, моддий-техник базаси, инфраструктураси ва жиҳозлаш меъёрига асосан жиҳозланганлик ҳолати бўйича баҳоланади, - дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. – Шунингдек, бу лойиҳада ғолиб бўлган мактаблар 3 йил давомида турли текширув ва аттестациядан озод этилади ва уларнинг тажрибаси оммалаштирилади. Бу орқали “қизил” тоифадаги кўрсаткичи паст бўлган мактабларда ҳам таълим жараёни, педагогларнинг маҳорати ва ўқувчиларнинг фан олимпиадалардаги иштироки ижобий тарафга ўзгаришига асос бўлади. Юқоридаги мезонлар асосида лойиҳада иштирок этаётган мактабларни баҳолаш ишларини ташкиллаштириш вазирлик ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегиялар маркази” ДУКга юклатилган. Бугунги кунда марказ томонидан 42 та мактаб “Замонавий мактаб” лойиҳаси талаблари асосида баҳоланди.
- Бу лойиҳа биринчи марта йўлга қўйилди ва илк иштирокчи мактаб сифатида бошида бироз муаммоларга дуч келдик. Вазирлик мутасаддилари томонидан жойларда семинар-тренинглар ташкил этилди. Аввало, “Замонавий мактаб” нима дегани? Фақат ташқи кўриниши замонавий, шинам хоналари мавжуд мактаб эмас, балки педагог-ўқитувчиларининг малака-тоифалари, ўқувчиларнинг эришган муваффақиятлари, битирувчиларнинг ОТМларга кириши ёки бандлигини таъминлаш юзасидан юқори натижаларга эришган мактаблар бу номга сазовор бўла олади, - дейди лойиҳа ғолибларидан бири, Навоий шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби директори Дилара Тухфатуллина.
Натижаларга кўра, 1 та мактаб 2 даражали “Замонавий мактаб” мақомини қўлга киритган бўлса, яна 7 та мактаб 3 даражали “Замонавий мактаб”, дея эътироф этилди. Лойиҳа ғолиблари вазирлик томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: ЎзА