Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонанинг энг китобхон оилалари
2021-07-29 | Жамият
Фарғонада Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилаётган “Ёш китобхон оила” республика танловининг вилоят босқичи якунланди. Унда барча туман-шаҳарлардан 25 та фаол ва иқтидорли, ёш китобхон оилалар иштирок этди.
Оилада китоб ва унинг мутолаасига муҳаббат бўлса, унда камолга етаётган фарзандлар толейига ишонч бор, дегани. Китобхонликни юксак фазилат сифатида баҳоловчи халқимизнинг бугунги авлодлари бу бебаҳо неъматга меҳр ва ихлос билан боқаётгани, фарғоналик ёш китобсеварлар сафи ортиб бораётгани қувонарлидир.
Марғилон шаҳридаги Тадбиркорлар марказида бўлиб ўтган танловда иштирокчилар олдиндан танланган 30 та китоб асосида савол-жавоблардан ўтишди, уларнинг қай даражада бадиий асарлар билимдони эканлиги аниқланди.
Танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон туманилик Ниёзматовлар оиласи биринчи, Риштон туманилик Нуралиевлар оиласи иккинчи ва Тошлоқ туманилик Ғофуровлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.
Абдуллажон Ниёзматов – ёш филолог. У Ўзбекистон тумани ёшларига она тили ва адабиёт фани бўйича репититорлик ўқув курсларини олиб боради. Туманда китобхон ёшларнинг камолга етишига ҳисса қўшаётган педагоглардан. “Ёш китобхон – 2021” республика танлови ғолиби, Президент совғаси – “Спарк” автомобили соҳиби Муҳаммадфозил Исмоиловнинг эришган муваффақиятида муаллимнинг меҳнатлари бор. Турмуш ўртоғи Азизахон Ниёзматова тумандаги 67 -умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси. Унинг ҳам китобхонликка бўлган қизиқиш ва эътибори баланд.
–Уйимизда оилавий кутубхонамизни ташкил қилганмиз, – дейди Абдуллажон. – Икки мингдан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аксариятини оила аъзоларимиз билан ўқиб чиққанмиз. Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча”, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Лев Толстойнинг “Тирилиш”, Фёдер Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” каби асарларини қайта-қайта ўқиб, янги фикрлар оламиз. Ёш китобхон дўстларимиз, ука-сингилларимизга ҳам ушбу нодир асарлар мутолаасини илинамиз. Танловнинг республика босқичида муносиб иштирок этиш,бизга билдирилган ишончни оқлаш мақсадимиз.
Жуфтликларнинг адабиёт зиёсига муштарак меҳри чиндан ҳам ҳавасли. Ёш оилаларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларда китобхонлик муҳитини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган кўрик-танлов фарғоналик юзлаб ана шундай китобсевар оилаларни кашф этди ва уларнинг ҳар бири учун тафаккур мактаби вазифасини ўтади.
Манба: ЎзА