Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Берлинда бўлиб ўтган тадбирда ёш ватандошимимизга юксак давлат мукофоти топширилди
2021-07-29 | Жамият
Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва Германияда таълим олаётган ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фаол ўзбек ёшлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда 25 нафар юртдошимиз мамлакатимиз элчихонаси биносида, 80 нафардан зиёд ёшлар «ZOOM» платформаси орқали иштирок этди.
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев юртимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда унинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди. Республика ёшлари етакчиси мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлиги ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда тобора такомиллашиб бораётганини қайд этди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига биноан, «Шуҳрат» медали билан тақдирланган «Tesla» компаниясининг ахборот технологияларини режалаштириш бўйича таҳлилчиси Муштарий Шарифовага давлат мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Германиядаги ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Тадбир якунида ёзилган байрам дастурхонига тортилган миллий таомлар Ватандан олисда бўлган ёшларимиз учун она-юрт тафтини бир зумга бўлса-да қалбан ҳис қилиш имкониятини берди.
Давра суҳбати якунида Агентлик мухбири иштирокчилар фикрлари билан қизиқди.
Муштарий Шарифова, «Tesla» компаниясининг ахборот технологияларини режалаштириш бўйича таҳлилчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси:
- Бугунги учрашувда давлатимиз раҳбари номидан менга «Шуҳрат» медали тантанали топширилди. Муҳтарам Президентимиз томонидан менинг камтарона меҳнатим шу қадар юқори баҳоланиб, юксак давлат мукофотига лойиқ топилганимидан бениҳоя бахтиёрман. Ишонтириб айтаманки, мен келгусида юртимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш учун ўз устимда ишлашни давом эттираман. Ўзбекистонимизнинг барча ёшларига омад тилайман.
Дилдора Каримова, Берлин технология ва иқтисодиёт университети талабаси (халқаро бизнес йўналиши):
- Бугунги тадбирдан жуда катта таассуротлар олдик. Чунки давра суҳбати қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлди. Шу билан бирга тенгдошим - Муштарий Шарифованинг «Шуҳрат» медали тақдирлангани биз учун ҳам жуда катта воқеа бўлди. Хорижда таълим олаётган ва ишлаётган ёшларга бўлган бундай эътибор, шубҳасиз, бизни икки карра кўпроқ тиришқоқлик билан ўқиш ва изланишга, жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида хизмат қилишга ундайди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги