Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк Британия университети билан ҳамкорлик ўрнатилди
2021-07-29 | Таълим
Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth Higher Education (Буюк Британия) олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида мазкур икки олий таълим муассасаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида томонлар ҳамкорликда педагогика, жумладан, STEAM йўналишида ўқитувчиларни тайёрлаш, ахборот технологиялари, бизнес бошқарувига оид қўшма таълим дастурларини яратиш ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқишни келишиб олди.
Буюк Британия университети келажакда таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида қизиқиш билдирди. Таълим муассасалари профессорларининг алмашинувини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, қўшма тадқиқотлар ташкил этиш ва тадқиқотларга ҳомийлик маблағларини жалб қилиш ҳамкорликнинг йўналишларидан бири бўлади. Университетлар ҳамкорликда турли семинар ва конференциялар ўтказиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни ҳам режалаштирган.
Тадбир доирасида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Манба: ЎзА