Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Зилзилаларга тайёргарлик кўриш, оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд
2021-07-28 | Жамият
Биламизки, мамлакатимизнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган.
MSK – 64 ер шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.
Шу сабабли, мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.
Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган.
Республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тўплами бугунги кунда яққол етишмайди.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 30 июлдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Қонун билан давлат органларининг, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасидаги асосий вазифалари, сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектларнинг таснифи ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини текшириш ҳамда мониторинг қилиш тартиби белгиланмоқда ва Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда. Шу билан бирга, қонун билан яна бир қатор янги тартиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланмоқда.
Ўз ўрнида шу каби офатлар олдини олиш, аҳолини хавфсизлигини таъминлаш борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар билан барчани таништириш мақсадида жорий йилнинг 28 июль куни Пойтахт бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси олдидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ҳамда қўмита аъзолари, қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, ФВВ биринчи ўринбосари, ИИВ ўринбосари ва бошқа бир қатор ташкилот вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида қўмита раиси Қ.Бурханов кириш сўзи билан Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 30 июль куни бўлиб ўтишини барчага маълум қилди ва ялпи мажлисда қўмита томонида кун тартибига киритилган масалаларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, дастлаб «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳақида сўз юритилди.
Фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари Абдулла Қўлдошевга сўз берилди. Тизимда олиб борилаётган ишлар хусусида мажлис иштирокчиларида мавжуд саволлар ўртага ташланиб, муҳокама қилинди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги томонидан республикамизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида Ички ишлар вазири ўринбосари Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевичнинг ахбороти тингланди. Ахборотда 2021 йил 6 ойда содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи (43 493 таси) фош этилгани, қидирувдаги 1 833 нафар шахс ушлангани, бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, республикамизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли,
2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилгани, оқибатда 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3170 нафар фуқаро жароҳатлангани ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлгани, энг ачинарлиси, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 458 нафар бола жароҳатлангани ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлгани танқидий савол-жавобларга сабаб бўлди.
Бундан ташқари, қўмита мажлиси кун тартибига мувофиқ «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги ҳамда «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижроси ҳолати юзасидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинди.
Манба: ЎзА