Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рейтинг тизими жорий этилмоқда
2021-07-27 | Сиёсат
Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси олдидан юқори палата қўмиталарининг йиғилишлари ўтказилмоқда. Хусусан, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярмидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди. Қайд этилишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида Давлат дастурининг 116 та банди ижросини таъминлаш назарда тутилган бўлиб, шундан ҳисобот даврида 89 та бандда қайд этилган топшириқлар бажарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,2 фоизни ташкил қилган. 2021 йилнинг 30 июнь ҳолатига 209,2 минг янги иш ўрни яратилди, 78,5 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 24 мингдан ортиқ фуқарога субсидиялар ажратилган.
Муҳокамалар давомида Давлат дастуридаги ижроси кечиктириб бажарилган ҳамда тўлиқ бажарилмаган вазифалар танқидий кўриб чиқилди. Мазкур вазифаларга масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Мажлисда Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш белгиланди. Шу муносабат билан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги Сенат қарори, Низом ва рейтинг баҳолаш тартиби лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Эндиликда мутлақо янги тизим – ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда. Сенат ҳузурида рейтинг баҳолаш бўйича тузилган Республика комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши махсус индекаторлар асосида баҳоланади.
Мажлисда қонунларнинг ижро этилиши ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди.
Манба: ЎзА