Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Лицензиялаш билан боғлиқ янги тартиб коррупциявий омилларни бартараф этади

2021-07-27 | Сиёсат

Янги қонун. Жорий йил 15 июлдан Ўзбекистон Республикасининг  “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Адлия вазирлиги томонидан илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган қонун тадбиркорлик субъектларига янада кенг қулайликлар яратишга қаратилган.  Бу қулайликлар нималар иборат? ЎзА мухбири бу ҳақда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов билан суҳбатлашди.

– Ушбу қонунни ишлаб чиқиш мақсадида мутахассислар ва хорижий экспертлардан иборат алоҳида ишчи гуруҳ ташкил қилинди ва қонунни қабул килиш жараёни қарийб икки йил давом этди.

Мазкур қонун билан лицензия ва тартибга солиш соҳасидаги эскирган ва тарқоқ ҳолдаги амалдаги қонунчилик ҳужжатлари унификация қилинди ва бу соҳадаги мавжуд барча қонун ва қонуности ҳужжатлари бекор қилинди. Яъни қонун қабул қилиниши муносабати билан ушбу соҳага оид икки қонун, Президентнинг икки қарори, Олий Мажлис қарори, юзга яқин ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди.

Қонун билан 49 лицензия, 120 рухсат бериш ҳужжати ҳамда 33 хабарноманинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

Ёки яна битта рақам, танқидий таҳлиллар асосида амалда бўлган лицензиялар ва рухсат бериш ҳужжатлари 30 фоизгача қисқартирилди.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жойи шундаки, шу кунгача мавжуд бўлмаган ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ мутлақо янги соддалаштирилган механизм жорий этилди.

Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига жуда катта кулайликни вужудга келтириб, ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни бошлаш имкониятини яратади. Бироқ жисмоний ва юридик шахслар фаолиятга тегишли бўлган талаб ва шартларни бажаришга мажбур ҳисобланади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Бунда ушбу жараёнлар “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Юридик шахслар филиалларига алоҳида лицензия ёки рухсатнома олиш талаби бекор қилинди.

Бунда юридик шахснинг аввал олинган лицензияси  ва рухсатномасида филиалнинг манзили кўрсатилади ҳамда лицензия  ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қайси ҳолатларда суд томонидан ва қайси ҳолатларда ваколатли орган томонидан бекор қилинишининг аниқ чегаралари белгиланди.

– “Лицензия” ахборот тизимида нималар қамраб олинган ва тизим қандай ишлайди?  

– Юқорида айтиб ўтилганидек, эндиликда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларидан ўтиш фақат “Лицензия” ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади.  

Мазкур электрон тизим лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларига оид барча жараёнларни ўз ичига қамраб олган.  

Бу талабгор томонидан аризани топширишдан бошлаб тегишли ҳужжатни қабул қилиб олгунигача бўлган жараён ҳисобланади.

Шу ўринда қайд этишимиз керакки, ушбу электрон тизим барча учун очиқ ва шаффоф бўлади ҳамда унда барча жараёнларни босқичма-босқич кузатиб туриш имконияти мавжуд.

Шунингдек, “Лицензия” ахборот тизимининг жорий этилиши амалиётда махсус қоғоз бланкаларидан фойдаланилишни чеклайди.

Статистик маълумотларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2019 йилда махсус қоғоз бланкаларининг ишлатилишига 13 миллиард сўм маблағ сарфланган. Эндиликда бу жараёнлар электрон тарзда амалга оширилиши натижасида давлат бюджетидан сарфланадиган юқорида қайд этилган маблағ иқтисод қилинади.

Мазкур электрон тизимнинг афзалликларидан яна бири – бу дубликатни бериш амалиётига чек қўяди. Яъни ўша лицензия бланкалари электрон тизимга киритилади ва унда сақланади, жисмоний ва юридик шахслар эса ҳоҳлаган пайти уни чоп этиши мумкин.

– Қонун билан лицензия шартномасини тузиш амалиётига ҳам чек қўйилди. Бунинг сабаби нима? Амалиётда бу борада қандай муаммолар бор эди?

– Лицензия шартномасини тузиш – бу қўшимча тартиб-таомил, десак тўғри бўлади. Бунда олдинги тартибга асосан лицензия талаблари ва шартлари қонун ҳамда фаолиятнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб низомларда, шунингдек, лицензия шартномасида белгиланар эди.

Бироқ амалиётда ваколатли органлар томонидан лицензия шартномасида, қонун ҳамда низомларда назарда тутилмаган қўшимча талаб ва шартларни белгилаган ҳолда, тадбиркорлик субъектларига асоссиз  ва ноқонуний мажбуриятлар юклаш ҳолатлари кузатиб келинган.

– Қонун билан Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжататларни ўзгартириш институти жорий этилмоқда. Фаолиятларни қайси ҳолатларда ўзгартириш мумкинлигини тушунтириб берсангиз?

– Лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар лицензиатнинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахснинг аризаси асосида ваколатли орган томонидан ўзгартирилиши мумкин.

Лицензия асосида амалга оширилаётган фаолият тури лицензияланадиган фаолият турининг бошқа кичик тури билан кенгайтирилганда; филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахсларга берилган лицензияга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга мувофиқ ушбу филиаллар ва ваколатхоналар томонидан фаолиятни амалга ошириш бошланганда; юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятни амалга ошириш манзили ўзгарганда, агар унинг жойлашган ерига нисбатан лицензия ва рухсат бериш талаблари ҳамда шартлари белгиланган бўлса, лицензияга оид ҳужжат ўзгартирилиши мумкин.

Демак, қонун билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш тартиби янада такомиллаштирилмоқда. Бунда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш: “Лицензия” ахборот тизими ёрдамида масофавий назорат; жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини жойига чиққан ҳолда текшириш; уларнинг фаолиятига оид статистик ахборот ва улардан сўраб олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали; “хавфни таҳлил этиш” тизими; жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари асосида амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, лицензиялаш билан боғлиқ янги тартиб  жисмоний ва юридик шахслар ваколатли органлар билан маъмурий муносабатларга киришишининг олдини олади. Бу ўз- ўзидан амалиётда учраб келаётган коррупциявий омилларни бартараф этади.

Манба: ЎзА

Поделиться