Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида спортнинг қўл жанги тури бўйича профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун “Чемпионлар лигаси” халқаро турнири бўлиб ўтди.
2021-07-27 | Спорт
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида спортнинг қўл жанги тури бўйича профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун “Чемпионлар лигаси” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада жаҳон чемпионлари, шунингдек, ўз қитъаси ва давлатида тенгсиз деб топилган спортчилар куч синашди. Турнир очилиш маросимида иштирокчи давлатлар паради бўлди. Таниқли санъаткорлар ижросида бадиий дастур намойиш этилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва анъанавий халқаро мусобақанинг расмий меҳмони – Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов спортчиларга омад ёр бўлишини тилади.
Карантин талабларига риоя қилинган ҳолда жамоавий тарзда ўтказилган турнир баҳсларида Ўзбекистон вакиллари Россия, Руминия, Беларусь, Греция, Молдова давлатларидан келган таниқли қўл жанги усталарига қарши рингга кўтарилди.
Қувонарлиси, 60 килограммдан 80 килограммгача бўлган беш вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларнинг барчасида мамлакатимиз спортчиларининг қўли баланд келди. Мусобақанинг бошидан охиригача етакчиликни қўлдан бермаган ҳамюртларимиз якунда йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Хусусан, биринчи ярим енгил вазнда (60 кг.) жаҳон чемпионати совриндори, наманганлик Жавоҳир Собитов жаҳон ва Европа чемпионати совриндори, беларуслик Алексей Косторау билан тўлиқ уч раунд кечган жангда 2:1 ҳисобида устун келди.
Иккинчи ярим оғир вазнда (85 кг.) тошкентлик жаҳон чемпиони Улуғбек Низомиддинов Руминия давлати вакили, универсал жанглар бўйича Европа чемпиони Егор Топални учинчи раундга келиб, нокуаутга учратди.
Учинчи биринчи ўрта вазн тоифасида (70 кг) қашқадарёлик жаҳон чемпиони Олимжон Нормуродов қадимий юнон диёридан келган Ника Панчолидзега қарши баҳсда рақибига муносиб “меҳмоннавозлик” кўрсатди. Ҳамюртимиз жангни узоққа олиб бормасдан нокаут эвазига ўз фойдасига ҳал этди.
Тўртинчи ўрта вазн тоифасидаги (80 кг) жанг эса жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби, халқаро турнирлар ғолиби наманганлик Жасур Солижонов ва Молдова Республикаси спортчиси, Европа чемпионати совриндори Владислав Мастак ўртасида ўтказилиб, унда ватандошимиз биринчи раунддаёқ рақибини нокаутга учратишга эришди.
Мусобақанинг асосий жангида Жаҳон чемпиони, Жаҳон кубоги ғолиби, Осиё чемпиони, беш карра Ўзбекистон чемпиони бухоролик Жаҳонгир Жумаев ва самбо бўйича Жаҳон чемпиони, универсал жанг бўйича жаҳон чемпиони, россиялик Данил Воеводин рингга чиқди. Шиддатли ва муросасиз тарзда ўтган жангда ҳамюртимиз номдор рақибини учинчи раундда нокаутга учратиб, ғалаба нашидасини сурди.
“Чемпионлар лигаси” халқаро турнирининг ғолиблари ва иштирокчилари ташкилотчилар томонидан димлом ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди.
Манба: ЎзА