Фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорида фаолият юритиш бўйича лицензия беришдаги сўнгги ўзгаришлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 февралдаги 66 сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан “Тошкент” РФБ АЖга Фонд биржаси фаолияти амалга ошириш учун берилган лицензия 2019 йил 8 октабрида 1371 сон билан қайта расмийлаштириб берилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июльдаги 308-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан, Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан “Елсис-савдо” АЖга қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси сифатида фаолиятини амалга ошириш учун 2014 йил 17 октабрида 1113 сонли лицензия берилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 авгусдаги ПФ-6044-сон Фармони билан тасдиқланган 2021 йил 1 январдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг бирлаштириш йўли билан бекор қилинадиган айрим турлари рўйхатининг (2 илова) 23 ва 24 бандларида, Фонд биржалари фаолияти ҳамда қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси фаолияти 2021 йил 1 январдан бошлаб Фонд биржалари фаолияти турига бирлаштириш йўли билан бекор қилиниши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Фармоннинг 2 иловасидаги изоҳ қисмида бирлаштирилган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддати давомида кучда бўлади ва қайта расмийлаштирилиши талаб этилмаслиги қайд этилган.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги барча тарафлар, шу жумладан, капитал бозори иштирокчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдиради.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги (ЎРҚ–701-сон, 14.07.2021 й.) Қонуни билан тасдиқланган 1 илованинг 33 бандида Фонд биржаси фаолияти ва Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун ягона биржа фаолияти лицензияси олиш белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги