Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Иқлим сиёсати парламентлараро мулоқот майдонида

2021-07-24 | Жамият

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида жорий йилнинг 26-27 июль кунлари иқлим ўзгаришлари масалалари бўйича тўртинчи Марказий Осиё конференцияси бўлиб ўтади. Минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш борасидаги билим ва маълумотларни тарқатиш, тажриба алмашиш, барча манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳаракатлар имкониятини аниқлаш мақсадида ташкил этилаётган халқаро тадбирда Марказий Осиё давлатлари парламенти вакилларининг ўзаро мулоқоти ҳам назарда тутилган. 

Учрашувларда миллий ва минтақа даражасидаги иқлим ўзгаришлари муаммоларини ҳал этиш ҳамда бу борада миллий қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.  

Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим бўлган мазкур тадбирда Ўзбекистон парламенти вакилларининг ҳам иштироки кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, халқаро миқёсда олиб борилган конструктив саъй-ҳаракатлар натижасида давлат раҳбарининг халқаро анжуманларда илгари сурган ташаббуслари билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди, Оролбўйи минтақаси экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинди.  

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммитида “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Унда Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани таъкидланди. Шу муносабат билан “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини бериши қайд этилди.  

Келгуси йили Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, шунингдек, “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида “яшил" иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари илгари сурилди.

“Яшил” истеъмол маданият авваломбор, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу ҳислатларни эса инсоннинг ёшлигидаёқ онгига сингдириш ўз самарасини беради. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари жамиятда экологик маданиятни юксалтиришга имкон беради.  

Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам давлатимиз раҳбарининг минтақадаги таҳдидлар ва имкониятлар, барқарор ривожланиш бўйича 10 та асосий ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар ичида иқлим ўзгаришига мослашиш, минтақада “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, келгусида Орол денгизи қуриши каби муаммоларга йўқ қўймаслик ҳамда ўзаро ва БМТ билан ҳамкорликда ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.  

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, халқаро анжуманда иштирок этадиган давлат органлари ва парламент вакиллари томонидан, албатта, Президентимиз томонидан халқаро майдонда илгари сурилган ва маъқулланган илғор ташаббуслар миллий иқлимий сиёсатимизнинг асосий замини эканлиги таъкидлаб ўтилади.  

Манба: ЎзА

Поделиться