Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Беларусдан муносабат: Тошкентда ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон минтақа учун янги кун тартиби - ривожланиш дастурини таклиф этди
2021-07-24 | Сиёсат
МДҲ Ижроия қўмитаси порталида «Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё давлатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди» сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди.
Материалда Тошкентда ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги халқаро анжуманида муҳокама қилинган масалалар ва илгари сурилган ташаббуслар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилган. «Ўтган вақт давомида минтақадаги вазият сезиларли даражада ўзгарди. Жумладан, Тошкент форуми Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашган бир пайтда бўлиб ўтди. Шу боис Афғонистонда барқарорликка эришиш истиқболлари халқаро анжуманнинг асосий мавзуларидан бири бўлди», - дея қайд этган муаллиф.
Мақолада таъкидланишича, Афғонистон ер юзининг икки улкан минтақаси ўртасида «кўприк» бўлиши мумкин. Ушбу мамлакатдаги вазиятни ҳал қилмасдан туриб, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш қийин бўлади.
Материалда, шунингдек, юксак мартабали меҳмонлар йиғилган Тошкент том маънода бир муддат дунёнинг маркази бўлиб туюлгани қайд этилган. Форумда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, йигирмадан ортиқ давлат ташқи ишлар вазирлари, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод, қирқ мамлакатдан юздан ортиқ эксперт ва сиёсатшунос, жаҳоннинг етакчи ОАВ вакиллари иштирок этди.
«Ўзбекистон етакчиси ўз маърузасида ушбу анжуман бир марталик тадбир эмаслигини таъкидлаб, бундай минтақалараро форумни ҳар йили ўтказишни таклиф қилди», - дея таъкидлайди муаллиф.
Бундан ташқари, муаллиф форум натижаларига тўхталар экан, конференцияда Ўзбекистон Президенти минтақа учун янги кун тартиби — ривожланиш дастурини таклиф қилганини қайд этган. У савдо, транспорт, туризм соҳаларининг ривожланишига хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги