Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Токио-2020: Биринчи кунда 11 нафар ҳамюртимиз иштирок этади.
2021-07-24 | Спорт
XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртларимиз иштирокини биринчи бўлиб мерган қизимиз Мухтасар Тоҳирова бошлаб беради. Наманганлик спортчимиз 10 метрдан милтиқдан отиш бўйича саралаш дастурида қатнашади. Мазкур мусобақа Тошкент вақти билан 04:30 да бошланади.
XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртларимиз иштирокини биринчи бўлиб мерган қизимиз Мухтасар Тоҳирова бошлаб беради. Наманганлик спортчимиз 10 метрдан милтиқдан отиш бўйича саралаш дастурида қатнашади. Мазкур мусобақа Тошкент вақти билан 04:30 да бошланади.
Шундан сўнг қиличбозларимиз баҳсларга киришади. Дастлаб 05:30 да саблячимиз Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиу билан ҳисоб-китоб қилса, 07:25 да шпагачимиз Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши жанг олиб боради.
Соат 07:00 да велоспортчимиз Муроджон Холмуродов велоспортнинг шоссе йўналишида 234 км масофада ўтказиладиган гуруҳ пойгасидаги стартини бошлайди.
Токио каналларида академик эшкак эшувчиларимиз Шаҳбоз Холмирзаев ва Собир Сафаралиев соат 06:50 дан эътиборан саралаш баҳсларига киришадилар. Ҳамюртларимиз биринчи гуруҳда 4-йўлакда ҳаракат қилишади.
Шунингдек, соат 07:00 да теннисчимиз Денис Истоминнинг ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кортга чиқади.
Шундан сўнг эътиборимизни бокс баҳсларига қаратамиз. Соат 07:30 да аёллар ўртасида -69 кг вазн тоифасида иштирок этадиган ҳамюртимиз Шаҳноза Юнусова польшалик Каролина Косевскага қарши рингга кўтарилади. Тахминан соат 10 да эса яна бир боксчимиз Санжар Турсунов (-91 кг) иштироки кутиб турибди. Унда ҳамюртимиз жазоирлик Абдулхафид Бенчаблага қарши тўқнаш келади.
Расулжон Абдураҳимов соат 15:30 дан бошланадиган спорт гимнастикасининг кўпкураш йўналиши, саралаш босқичида иштирок этади.
Шубҳасиз, ушбу кун доирасида кўпчиликнинг эътибори дзюдо баҳсларига қаратилади. Унда Шарофиддин Лутфиллаев -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб олиб боради. Полвонимиз мусобақани Украина ва Гватемала вакиллари ўртасидаги баҳс ғолибига қарши бошлайди. Дзюдо баҳслари соат 07:00 дан бошланади. Ҳамюртимиз биринчи даврадан эркин ўтгани учун унинг иштироки тахминан 30-40 дақиқалардан кейин бошланади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бўлажак баҳсларда барча ҳамюртларимизга омад ва зафарлар тилаб қолади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги