Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қўшни Хатлон ва Сурхондарё вилояти ўртасида дўстлик алоқалари юксалади
2021-07-24 | Сиёсат
Аввал хабар берганимиздек, қўшни Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода бошчилигидаги делегация Сурхондарёда бўлиб, икки кун давомида ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўзаро тажриба алмашди.
Миллий қадрият ва анъаналари бир-бирига жуда ўхшаш, дини бир давлатларимиз халқларининг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган азалий дўстлик, яқин биродарлик ришталари кейинги йилларда янги босқичда ривожланиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 июль куни Тожикистон Республикасига расмий ташрифи ҳам азалдан бир-бири билан қуда-анда, яқин сирдош дўст бўлиб яшаган икки миллат вакилларининг борди-келди муносабатларини янада юксалтиришнинг истиқболли йўлларини белгилаб берди. Давлатларимиз ўртасида турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг “йўл харитаси” қабул қилинди.
Шунга мувофиқ ён қўшни давлатдан Сурхондарёга келган Хатлон вилояти ва туманлари ҳокимлиги, тегишли ўринбосарлари, ташкилот, корхона, муассасалар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар ўзаро ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашнинг самарали йўлларини белгилаб олди. Вилоятда амалга оширилаётган улкан ишлар билан танишди.
Меҳмонлар дастлаб Термиз туманидаги “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика марказида бўлди.
Мазкур марказ мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу ерда қўшни давлат тадбиркорларига сифатли хизматлар кўрсатиш учун барча замонавий шароит яратилган. Консуллик вакили, божхона терминали биноси, маҳсулотларни сақлаш учун омборхоналар, шунингдек, тижорат банкларининг шохобчалари фаолият юритмоқда.
Афғонистон билан чегарада барпо этилаётган Термиз халқаро савдо маркази қурилиши ҳам тожик биродорларда катта қизиқиш ўйғотди.
Келгуси йил фойдаланишга топшириш мўлжалланаётган янги марказ учун Термиз туманидан 26 гектар ер майдони ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари қурилади.
Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари қад ростлайди. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналари жойлашади.
Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 млн доллар, хизматлар ҳажми 10 млн доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Экспорт қуввати 192 миллион долларни ташкил этади.
Шу куни меҳмонлар Термиз шаҳридаги "ZIF Textile" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар, Термиз туманидаги "Оқтепа Термиз" фермер хўжалиги, Ангор туманидаги "Aнгор Сурхон ғурури" пахта-тўқимачилик кластери далаларида бир текис ривожланаётган ғўзаларни, Ангор туманидаги дон қабул қилиш шохобчасини кўздан кечирди.
Шеробод туманидаги 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашган. Шундай анорзорлардан бири "Сардорбек Султонбек" масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг Ойинли маҳалласида ташкил этилган. Делегация аъзолари ана шу боғда бўлиб, 43 гектар ерда парваришланаётган 30 минг донадан ортиқ анор кўчатларини кўздан кечирди.
Танишув чоғида қўшниларга қозоқи навли ушбу анор ва уни парваришлаш ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бир донаси 1 килограммдан зиёд тош босадиган мевалар султони шу йилдан ҳосилга кирди. Анорзордан йилига минг тоннадан ортиқ мева олиш мўлжалланмоқда.
Тумандаги замонавий иссиқхона ва анорни қайта ишлаш корхонаси ҳам меҳмонларда катта қизиқиш ўйғотди.
29 гектар майдондаги иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби бозорбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Бу ерда 200 нафар маҳаллий ёш доимий иш билан банд.
Анорни қайта ишлаш корхонаси 6 минг тонна қадоқлаш, 2 минг тонна анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 70 киши иш билан таъминланган.
Қўшни давлатдан келган меҳмонларнинг вилоятга сафари давом этмоқда.
Манба: ЎзА