Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро анжуман ёш шарқшуносларга тақдим этган имкониятлар

2021-07-24 | Жамият

2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда хорижий меҳмонларга волонтёр-таржимон сифатида Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари ҳам фаол хизмат кўрсатди. 

Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг минг йилларга татигулик тарихий, маданий-маърифий ўтмишида  миллатлараро тотувлик, яхши қўшничилик, динлараро бағрикенглик тамойиллари, ранг-баранг маданий урф-одатлар улкан ҳудудда яшаб келаётган халқларни бирлаштирувчи ришта вазифасини бажариб келган.  

Ушбу риштани ташкил этган камалакдек ранг-баранг қадриятлар Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг номоддий бойликларидан бири экани бугунги кунда барчага равшан десак муболаға бўлмайди. XX аср бошларида узилиб қолган ана шу риштани қайта тиклаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳиятига кўра ҳамда ёшларнинг ақлий-маънавий қиёфасини шакллантиришга қаратилган “5 ташаббус” асосини айнан шу риштани вужудга келтирган ноёб маънавий қадриятларимиз, номоддий бойликларимизни тиклашга, ривожлантириб намоён этиш ва авайлаб-асрашга қаратилган.

Жаҳон  ҳамжамиятини тобора қамраб олаётган виртиуал рақамли олам ичида ўзлигини сақлаб қолиш, муносиб мавқе эгаллаш ва кейинги авлодларга етказиб беришда ноёб ва бетакрор номоддий бойликларимизнинг ўрни ва кучи беқиёс. Бу куч нафақат Марказий Осиё, балки Жанубий Осиё халқлари ва бу иккала минтақани боғловчи “кўприк” бўлган Афғон ҳалқини ўзаро қайта бирлаштирувчи омил сифатида жаҳон майдонига залворли одимлар билан қад ростлаётгани қувонарли. Шу билан бир қаторда, бу минтақада ҳал этилиши лозим бўлган айрим таҳдидлар, муаммолар ва уларга доир изланишлар ва ечимлар тақдимоти кун тартибига чиқмоқда. Минтақа миқёсида молиявий ҳамкорлик, бунёдкорлик ва иқтисодий инфратузилмаларни вужудга келтириш, маданий ва туристик алмашинув тизимини йўлга қўйиш, илм-фан ва маърифий соҳада тадқиқотларни жадаллаштириш ишлари минтақа ҳукуматларининг олий даражада келишувига боғлиқ. Мазкур мақсадлар кўзланган стратегияни ишлаб чиққан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё. Минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро анжуманда икки минтақа давлатлари раҳбарлари ва юқори  мартабали вакиллари, 15  мамлакатдан парламент делегациялари, 37 та давлатдан ташқи сиёсий идоралар делегациялари, 29 та халқаро ташкилот ва молиявий институтлар раҳбарлари ҳамда 44  ўлкадан ишчи ва эксперт гуруҳлардан иборат 180 нафар вакил иштирок этди.

Ушбу олий мақомдаги конференцияга тайёргарлик ишлари ва анжуман жараёнида юртимиз олийгоҳларида таҳсил олаётган, хорижий тилларни пухта эгаллаган 400 нафарга яқин кўнгилли талаба иштирок этди. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ), Ўзбекистон Миллий университетига (ЎзМУ) ушбу шарафли вазифа юкланди.  

Постпандемик ва шу билан бир қаторда жаҳонда эпидемия ўчоғи ҳануз сўнмаётган бугунги кунда талабаларнинг саломатлиги, осойишталиги ва хавсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиб келмоқда. Шу мақсадда тадбирга кўнгилли жалб қилинган талабалар, жумладан, ТДШУдан 68 нафар кўнгилли-волонтёрлар тадбир олдидан эмланди.

Осиё гавҳари бўлмиш Тошкентга ташриф буюрувчи олий мартабали меҳмонлар, халқаро ташкилотлар нигоҳида анжуман қатнашчиларини кутиб олиш, ҳамроҳлик қилиш, хизмат кўрсатиш ва кузатиб қўйиш жараёнларида улар билан ҳамнафас бўлишга шайланган волонтёрларнинг ташқи кўриниши анжуман руҳиятига мос бўлиши учун талабаларга халқаро “дресс-код” талабига жавоб берадиган махсус бош-кийим тақдим этилди.

Форумга тайёргарлик доирасида мазкур 4 олий ўқув юрт талабалари  ЎДЖТУга қарашли замонавий мажлислар залида 9 июль куни жамланди. Учрашувда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ушбу олий даражадаги анжуманда кўнгилли иштирок этишга розилик берган талабаларга чуқур миннатдорлик изҳор этди. Шу билан бир қаторда, уларга билдирилган улкан ишончни оқлаш масъулияти юклангани ҳамда келгусида халқаро тадбирларда иштирок этиш учун кўникма ва малака ҳосил қилиш имконини берувчи ушбу тажриба майдонидан унумли фойдаланиш зарурлиги тушунтирилди.

Ҳукуматимиз, мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан волонтёрларга барча маиший қулайликлар ўз вақтида муҳайё қилинди.

Тезкор хабарлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида университет ҳудуди бўйлаб wi-fi хизмати узлуксиз ишлади.

Меҳмонларни аэропортда кутиб олиш, ҳамроҳлик қилиш ва меҳмонхонага кузатиб қўйиш, сўнгра волонтёрни ётоқхонагача элтиб қўйиш мақсадида тегишли ташкилотлар томонидан замонавий енгил автомашиналар ажратилди.

Талабалар жойлашган ҳудудда ҳордиқ чиқариш учун яшил майдонларда стол тенниси, қўл тенниси, шашка, шахмат тўгараклари ташкил этилди. Талабалар биринчи кунданоқ ўзаро танишиб дўстлар орттирди, турли мусобақалар, давра суҳбатлари, заковат ўйинларида иштирок этди.

Волонтёрлар томонидан меҳмонларни кутиб олиш, ҳамроҳлик қилиш асносида юртимиз маданий обидалари билан таништиришни юқори савияда олиб боришлари мақсадида 10-11 июль кунлари ЎДЖТУ мажлислар залида семинар ташкил этилди.

Волонтёрлар билан учрашувга Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов келди. Учрашувда ушбу халқаро анжумандан кутилаётган натижалар, жумладан, икки минтақа орасида барча соҳалар қатори туризм жабҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги йўналишлар очиш, постпандемик даврга тайёргарлик кўриш баробарида ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлашда бўлғуси профессионал таржимонлар сифатида волонтёрларга катта ишонч билдирилди.  Волонтёрлар зиммасига юклатилган шарафли вазифани сидқидилдан адо этиш баробарида  талабаларнинг ушбу саъй-ҳаракатлари эътиборга олиниб, янги ўқув йили бошида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан махсус сертификат билан тақдирланиши волонтёрлар учун кутилмаган совға бўлди. Қолаверса, хорижлик меҳмон-эксперт ва журналистлардан интервью олган, тадбирда фаол қатнашган, истеъдодини намоён эта олган волонтёрлар орасидан энг сараларига Хоразм, Қўқон, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига турпакет совға қилиниши вазир томонидан мамнуният-ла айтиб ўтилди.

Қайд этиш лозим, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси ва ҳукумат қўллаб-қувватлови билан волонтёрлар учун икки кунлик “ташриф саёҳати” – халқаро анжуман делегациялари ва олий мартабали меҳмонлар жойлашадиган отеллар бўйлаб амалий таништирув саёҳати ташкил этилди.

Семинарнинг 2-куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Адҳам Расулов томонидан “Дипломатия этикаси ва қоидалари”, “Дипломатик протокол” мавзуларида амалий машғулот олиб борилди. Волонтёрларга дипломатик протокол тушунчаси ва кўлами, ташрифлар тури видео ва слайд кўринишида тушунтириб берилди.

Волонтёрларнинг ишчи дастури доирасида  Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт билан таништирув саёҳати ҳам уюштирилди. Саёҳат давомида VIP ва CIP кутиб олиш ва кузатиш заллари талабаларга таништирилди.

Волонтёрларнинг шаҳар бўйлаб амалий танишув саёҳати тегишли ташкилотлар томонидан юқори савияда ташкил этилди.

Шунингдек, дастур бўйича меҳмон бириктирилган волонтёр меҳмон дастури билан таништирилди.

ТДШУ томонидан анжуманга бириктирилган 68 нафар шарқшунос волонтёрга масъул этиб ТДШУ ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қудратилла Омонов белгиланди. У университет вакилларининг анжуман доирасидаги фаолиятини марказий штаб билан бирга доимий мувофиқлаштириб борди.

Анжуман сўнггида меҳмонларни аэропортда кузатиб қўйиш жараёнида ТДШУ волонтёрлари тунгги сменада, ЎДЖТУ волонтёрлари кундузги сменада 16-17 июль кунлари юксак маданият, шарқона одоб ва дид билан астойдил хизмат кўрсатдилар.

Аэропорт, турли вазирлик ва ташкилотлар томонидан ТДШУ волонтёрларига билдирилган ташаккурномалар уларнинг кўтаринки кайфиятини юксалтириб, кучига куч бағишлади.

Бу каби халқаро анжуман, форум ва симпозиумлар талабаларда турли соҳанинг бўлғуси профессионал вакиллари сифатида шаклланиши, дунёқараши ўсиши ва дипломатик эстетика, этикаси шаклланишида ўчмас из қолдиришига яна бир бор амин бўлдик.

Манба: ЎзА

Поделиться