Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Насос Станцияларини Модернизация қилиш ҳаётий заруратга айланган
2021-07-23 | Жамият
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни ўтказган йиғилишда насос станцияларини модернизация қилиш орқали қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилиниб, бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.
Барча жойларда ҳам сувни ҳаёт манбаига қиёслашади. Аммо, Оролбўйи минтақасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун нафақат ёзда суғориш учун балки, куз-қишда ҳам шўр ювиш учун об-ҳаётни далаларга етказиш зарур бўлади. Бунда насос станциялари хизматларидан кенг фойдаланилади.
Қорақалпоғистон Республикасида жами 1420 дона насос агрегати мавжуд бўлиб, улар қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда жами 363 дона насос агрегатларини таъмирлаш режалаштирилган. Шундан, бугунги кунга қадар 1 млрд. 384 млн.сўм маблағлар ҳисобига 203 дона насос агрегати таъмирдан чиқарилди.
Бундан ташқари, 6 дона электродвигател, 14 дона насос агрегати, 1 дона қуёш батареяси, 3 дона частота ўзгартирувчи қурилма, 42 дона конденсатор қурилмалари янгисига алмаштирилди.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4937-сонли қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредити ҳисобидан Хўжайли, Тахиатош, Қонликўл, Қўнғирот ва Нукус туманларида Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли 1 тадан насос станциясини модернизация қилиш белгиланган. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредити ҳисобидан Хўжайли, Қонликўл, Шўманай, Қораўзак ва Амударё туманларидаги 11 та насос станциясини модернизация қилиш кўзда тутилган. Мазкур тадбирларни 2023 йилда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда меъёрий ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Шунингдек, жорий йилда “онлайн” режимида назорат қилиш бўйича 382 дона электр энергиясини ва 23 дона сув сарфини аниқлаш қурилмалари ўрнатилди. Жумладан, Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан 10 дона, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан 13 дона сув сарфини ўлчаш қурилмасини ўрнатиш тўлиқ якунланди.
Давлатимиз раҳбарининг насос станцияларини модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани бу борада ечимини кутаётган масалаларнинг ижобий ҳал қилиниши учун замин яратишига ишончим комил. Негаки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Қорақалпоғистонда ҳам узоқ йиллардан буён янгиланмаган, эски насос станциялари мавжуд бўлиб, уларни бугунги кун талаблари даражасида модернизация қилиш ҳаётий заруратга айланган эди.
Шулардан хулоса чиқарган ҳолда Президентимиз белгилаб берган вазифаларни бажариш, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча насос станциялари ва насос агрегатларининг тўлиқ қувватларда ишлашини таъминлашнинг барча чораларини кўрамиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги