Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Озарбайжонлик инвесторлар Бухорода томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун сармоя киритмоқчи
2021-07-23 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Озарбайжоннинг «CROPLAST» очиқ акциядорлик жамияти тижорат директори Нозим Маммедов бошчилигидаги делегациянинг 13-23 июль кунлари Ўзбекистонга амалий сафари ташкил этилди.
2003 йилда ташкил этилган «CROPLAST» корхонаси полимер маҳсулотидан қурилиш иншоотлари ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида томчилатиб суғоришда ишлатиладиган техник жиҳозлар, шунингдек, иссиқхона хўжаликларида гидропоника усулини жорий этишда фойдаланиладиган пластмасса қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхонанинг ишлаб чиқариш мажмуалари Италиянинг «Merloni Progetti» компанияси технологияси билан тўла жиҳозланган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро андозаларга тўла жавоб беради.
Сафар давомида Озарбайжон делегацияси Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Нозимжон Холмуродов ва Амрилло Назаров билан музокаралар ўтказди.
Нозим Маммедов Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги экин ерларини томчилатиб суғориш, иссиқхоналар ташкил этишда илғор гидропоника усулини қўллаш, шунингдек, бино-иншоотларда сув-оқава тизимини яхшилаш соҳаларида сифати кафолатланган пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди.
Ўз навбатида, Нозимжон Холмуродов Озарбайжон томони билан айни пайтда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида энергияни тежайдиган томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш билан боғлиқ ишларнинг ҳозирги ҳолати ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди. Жумладан, «Бухоро Агро» эркин иқтисодий зонаси тасарруфидаги экин ерларида сув танқислигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида атрофлича тўхталди.
Вилоят ҳокимлиги билан музокаралар якунлари бўйича озарбайжонлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ҳудудда ушбу йўналишда истиқболли деб топилган лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги