Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш Вазирлигида Медиа ҳолл ташкил этилди
2021-07-23 | Соғлиқни сақлаш
Тиббиёт тизимидаги янгиликларни медиамаконда тезкор ва сифатли етказиб бориш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Ўзбекистон 24” телеканали билан ҳамкорликда медиа ҳолл ташкил этилди.
Бугундан бошлаб вазирликнинг ўзида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари, тиббиёт соҳасидаги нуфузли олимлар, вазирлик мутасадди раҳбарлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги жараёнлар, хусусан, коронавирусга қарши курашиш, касалликни даволаш ва вакцинация жараёнлари ҳақида мунтазам маълумот бериб боришади.
Ҳозирда медиа маконда тиббиёт соҳасидаги ишончли ахборотларга талаб юқорилиги, аҳоли орасида коронавирус ва вакцинация борасидаги саводхонликни ривожлантириш, турли асоссиз миш-мишларга йўл қолдирмасдан энг тўғри ва тезкор янгиликларни юртдошларимизга етказиш мақсадида ташкил этилган ушбу медиа ҳоллда мулоқотлар “Ўзбекистон 24” телеканалида тўғридан тўғри эфирга узатиб борилади.
Бугун ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ва Соғлиқни сақлаш вазири ўринборсари Элмира Баситханова ушбу медиа ҳолл очилиши муносабати билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Маълумот учун, бугун соат 13:15 да Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган медиа ҳоллдан илк тўғридан тўғри эфир амалга оширилади. Унда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари Севара Убайдуллаева ва Эъзозбек Ризаевлар коронавирусни даволашда антибиотиклардан фойдаланишнинг зарарли оқибатлари ҳақида маълумот бериши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги