Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона давлат университети ректори анклав ҳудуд битирувчиларини оталиққа олди
2021-07-23 | Таълим
Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг фуқаролар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда мурожаатларнинг ечимига эътибор қаратилиб, қабул давомида билдирилган ҳар бир масаланинг ижроси назоратга олинди.
Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлигининг жорий йил 17 июль кунги Фарғона тумани "Ҳосилот" маҳалла фуқаролар йиғини Тоштепа қишлоғидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, ушбу ҳудуддаги 6-умумтаълим мактаби битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун тайёргарлик масаласи чуқур ўрганиб чиқилди. Маълумки, ушбу мактаб анклав ҳудудда жойлашган бўлиб, бир қатор муаммолар бор.
Мактабда кадрлар етишмаслиги, интернетдан фойдаланиш имконияти етарли эмаслиги, пандемия шароитида ўқув жараёнлари узоқ муддат давом этмаганлиги боис ҳозирги кунда олий таълим олиш истагида бўлган битирувчилар университетнинг маънавий кўмагига мухтож. Мазкур вазиятни чуқур ўрганган университет ректори қабул давомида битирувчиларнинг ҳар бири, уларнинг ота-онаси ва мактаб директори билан алоҳида суҳбатлашди.
Суҳбат жараёнида мактабда таълим сифати, ўқув ва бадиий адабиётлар билан таъминлаганлиги, маънавий фаолият, чет тилларининг ўқитилиш даражаси, ахборот коммуникация, интернет тизими ҳолати ҳам батафсил ўрганиб борилди. Ректор битирувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашар экан, ўқувчиларни олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришлари учун уларни шу бугундан оталиққа олишга тайёр эканлигини билдирди.
-Ёшларга олий таълимга қадам қўйишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб беришга тайёрмиз, бироқ энг катта синовдан - тест босқичидан адолатли равишда уларнинг ўзлари ўтадилар,-дейди Б. Шермуҳаммадов.
Битирувчиларга чегара ҳудуддан қатнамасликлари, мунтазам туриб ўқишлари учун университет ётоқхонасидан жой ажратилиши, уларга ўзлари танлаган таълим йўналишлари бўйича бепул машғулотлар олиб борувчи университетнинг малакали ўқитувчилари бириктирилиши маълум қилинди.
Шунингдек, анклав ҳудуд шароитида таълим жараёнини изга туширишга интилаётган ёшлар тақдирига масъулият билан ёндашиб, мутасаддилардан кўмак излаётган тажрибали педагог - 6 мактаб директори Х.Мадраҳимовга ректор томонидан университетнинг "фахрий профессори" бўлиш, талабаларга назарий ва амалий билимлар беришда жамоатчилик асосида ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.
Ёшлар бугуннинг ўзида университет ҳаёти билан танишиб, машғулотлар режасини белгилаб олиш, ётоқхонага жойлашиш учун йўл олдилар.
Манба: ЎзА