Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ташаббуси: Энди икки минтақа янада яқинлашади
2021-07-19 | Сиёсат
Айни кунларда бутун жамоатчилик эътиборида бўлган-Президентимиз ташаббускорлигида 15−16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция олий таълим муассасаларида ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борилди.
Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик ришталарини боғлаш, икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида ҳамкорлик ҳаракатларини олиб бориш масалалари форумнинг бош мақсадларидан бири бўлди.
Форум кун тартибидан ўрин олган савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, «яшил» технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим масалалар - минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мазкур кенг қамровли тадбирда минтақа бўйича драйвер ролини бажара олаётган Ўзбекистон бугунги кунда ўз ташқи сиёсатини олиб боришда нафақат ўз манфаатларини, балки иқтисодий, ижтимоий, ҳавфсизлик масалаларда минтақа халқлари манфаатларини ҳам илгари сураётганлигини ўз давлат раҳбари ташаббускорлигида намоён эта олди.
Қувонарлиси, юқори даражада бўлиб ўтаётган мазкур конференцияда мамлакатлар раҳбарлари барча масалаларда бир-бирларини қўллаб-қувватлаган бўлсалар, давлатлар ўртасида фаол сиёсий, иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланиб, жаҳон миқёсида минтақалараро савдо, иқтисодий ва маданий алоқалар юритишнинг истиқболлари белгилаб олинди.
Конференцияда ўртага ташланган янги таклифлар, янги лойиҳалар ҳамда ташаббуслар икки минтақа - Марказий Осиё ва Жанубий Осиёни ҳар томонлама яқин ҳамкорликка элтувчи энг мақбул йўлларни очиб берди.
Манба: ЎзА