Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий ва Жанубий Осиёда барқарор ўсишга хизмат қилувчи савдо ва транспорт алоқаси
2021-07-19 | Иқтисодиёт
“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” юқори даражадаги халқаро конференция дастури доирасида “Марказий ва Жанубий Осиёда барқарор ўсишга хизмат қилувчи савдо ва транспорт алоқаси” мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ Президенти Сума Чакрабарти модераторлиги остида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон Ислом Республикаси молия вазири Муҳаммад Пайенда, Латвия қишлоқ хўжалиги вазири Каспарс Герхардс, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Тери Ҳакала, Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар Кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян, шунингдек, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, АҚШнинг халқаро ривожланиш молия корпорацияси, Жахон савдо ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва бошқа идоралар вакиллари ва эскпертлари иштирок этишди.
Муҳокама чоғида иштирокчилар минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика алоқаларини чуқурлаштириш омилларини атрофлича муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид устувор йўналишлар бўйича фикр ва таклифлар билан алмашдилар.
Муҳокамада сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири тадбир мавзуси ва умуман конференция билан боғлиқ бир қатор муҳим масалаларни илгари сурди.
Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларида Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари белгилаб берилди: савдо, саноат кооперациясини фаоллаштириш ва барқарор ривожланиш жараёнларига жалб этиш орқали ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш.
Маълум қилинишича, ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиё савдо ҳамкорлари ўртасидаги савдо айланмаси 2,5 баробар, Жанубий Осиё давлатлари билан эса – 2 баробар ошган. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари савдо айланмасида минтақалараро савдо улушининг паст кўрсаткичлари (1,5 дан 8,5 фоизгача) қайд этилган, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида эса бу кўрсаткич 25% ташкил этмоқда.
Ушбу кўрсаткичлар минтақанинг савдо муносабатларида ишга солинмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади, бунга номукаммал меъёрий-ҳуқуқий база, етарли даражада ривожланмаган транспорт инфратузилмаси ҳамда тариф ва нотариф тўсиқлар мавжудлиги сабаб бўлмоқда.
Ушбу муносабат билан Ўзбекистон томони минтақа давлатлари ҳукуматлари ва тараққиёт ҳамкорларини манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришга чақирди.
Шу нуқтаи назардан, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар ўртасида турли соҳаларда қўшма лойиҳалар сонини ошириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, амалдаги тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, хизматларни рақамлаштириш ва божхона тартибини соддалаштириш, логистика операцияларида вақт ва моддий харажатларни камайтириш ва бошқа тадбирлар биринчи даражали чоралар сифатида белгиланди.
Ўзбекистон ушбу йўналишларда муваффақиятли ҳаракат қилаётгани таъкидланди: Покистон Ислом Республикаси билан Транзит савдоси бўйича битим имзоланди, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистон билан имтиёзли савдо битимларини келишиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда, минтақада мунтазам ҳаво қатнови йўлга қўйилди, турли мамлакатлар ишбилармон доираларини ўзаро яқинлаштириш бўйича доимий равишда қўшма тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашнинг асосий омили сифатида савдо-транспорт инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлашда мамлакатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ушбу нуқтаи назардан, қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш, темир йўл ва автомобиль коммуникацияларини жиҳозлаш ва модернизация қилиш чоғида кадрлар ва инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш бўйича тўпланган тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш таклиф этилди.
Муҳокама давомида иштирокчилар Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида инфратузилмага эҳтиёж ортиб бораётган шароитда кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб этилаётган инвестициялар ҳажмларини ошириш зарурлигини таъкидладилар, бу эса, ўз навбатида, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига илгари суриш учун шарт-шароитларни шакллантиради ҳамда минтақа мамлакатларининг иқтисодий ўсишига ёрдам беради.
Тадбир якунида савол-жавоб сессияси ўтказилиб, унда муҳокама қилинган мавзулар доирасида қўшимча саволлар кўриб чиқилди.
Муҳокама якунида келгусидаги ҳамкорлик бўйича янги ғоя ва таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида шу каби мунозара платформаларида кўп томонлама музокараларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги