Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида мамлакатлар паради кўпчиликнинг диққат-марказида бўладиган энг асосий жараёнлардан бири.
Унда кўпчиликнинг диққат-еьтибори қайси атлет делегация байроғини кўтариб чиқишига қаратилади. Мамнуният билан Токио-2020 Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида делегациямиз байроқдорларини маълум қиламиз.
Маросимда афсонавий гимнастикачимиз Оксана Чусовитина ва боксчимиз Бобо-Усмон Батуров Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлишади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл атлетимиз сифатида тарихдан жой олмоқда.
Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган.
Демак, Токиодаги очилиш маросимда ўзининг саккизинчи Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган, аллақачон дунё гимнастикаси афсонасига айланган ҳамюртимиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони эгаси Оксана Чусовитина мамлакатимиз спорт делегатциясини ҳур диёримиз байроғини сарбаланд кўтарган ҳолда ХХХИИ ёзги Олимпия ўйинларининг бош аренасига бошлаб тушади. Унга эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.
Очилиш маросимининг ссенарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир.
Эслатиб ўтамиз, ХХХИИ ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги "Олимпия" стадионида бошланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги