Вазир Абдулазиз Комилов Марказий Осиё халқаро институтининг очилиш маросимида иштирок этди
2021 йил 15 июл куни Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриги Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан ўқиб эшиттирилди.
Маросимда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференсия доирасида Тошкент шаҳрига келган Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг юқори вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида қайд этганидек, мазкур институтнинг очилиши минтақавий ва иқтисодий жараёнларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, бундай жараёнлар сўнгги йилларда Марказий Осиёда жадал кечмоқда. Вазир янги муассаса минтақавий ҳамкорлик истиқболларини экспертлар даражасида батафсил муҳокама қилиш, турли соҳалардаги кўп томонлама лойиҳалар бўйича амалий ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш учун имконият яратишига ишонч билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги