Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Булунғурда учта узумчилик кластери ташкил этилади

2021-07-15 | Жамият

Самарқанднинг Булунғур тумани асосан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган. Ҳавосининг мўътадиллиги, унумдор тупроғи ва бошқа табиий имкониятлари билан вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб туради.

Туманда узум етиштириш борасида ҳам яхшигина тажриба тўпланган. Айниқса, саноатбоп узум тайёрлаш ва уни қайта ишлашда республика миқёсида Булунғурнинг ўзи муносиб ўрни бўлган. Аммо кейинчалик бу соҳанинг эътибордан четда қолиши, маҳсулотни қайта ишлаш технологияларининг эскириши натижасида узумчилик бўйича шуҳрат йўқола борди.

Кейинги йилларда юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида рентабелли йўналишларни ривожлантириш, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратилиши, муҳими, бу борада давлат томонидан бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилиши Булунғурда узумчилик анъаналарини тиклашга туртки берди.

 – Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари белгиланганда туманимиздаги Чўянтепа, Авлиёпарпи ва Чорбоғ маҳаллаларида узум етиштириш асосий драйвер сифатида қайд этилди,

– дейди Булунғур тумани деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Аслиддин Пўлатов. – Бу маҳаллалардаги деярли ҳар бир хонадонда узум етиштирилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг асосий фаолияти тури ҳам шу соҳага йўналтирилган.

Ушбу маҳаллалар тажрибаси бошқаларга ҳам ибрат қилиб кўрсатилди ҳамда мавжуд шарт-шароит ва имкониятлари ҳисобга олиниб, яна ўн маҳаллани узумчиликка ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланганди.

Шунингдек, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда узумчиликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар асосида туманимизда 3 минг гектар майдонда саноатбоп кишмиш ва хўраки узум экиладиган бўлди. Шу йўналиш бўйича 4 та кластер ташкил этилади.

Туманнинг Чорбоғ маҳалласида 3400 аҳоли истиқомат қилади. Бу ердаги 600 га яқин хонадоннинг ҳар бирида узум етиштирилади ва оилаларнинг асосий даромади шу неъмат ҳисобидан.

 Маҳалла раиси Муҳиддин Қаюмовнинг айтишича, аҳоли азалдан шу иш билан шуғулланади. Шу пайтгача одамлар ўз ҳовлисида ёки фермер, деҳқон хўжалиги ерларида токни ерда ўстирган, шпаллер усулида парваришлаган бўлса, кейинги йилларда ишком қилиб мўл ва сифатли ҳосил олишга эришмоқда.

 Жумладан, шу маҳаллада яшовчи Султон Пардаев 25 сотихлик токзорини ишкомга айлантириб ҳар йили 10 тоннагача ҳосил олмоқда.  

– Бу узумзорлар деярли менинг ёшим билан тенг,

– дейди Султон аканинг фарзанди,  29 ёшли Сардорбек Маматқулов. – Бобом экканлар бу токларни, ҳозир биз, отам билан бирга уларга парваришлаяпмиз. Рўзғоримиз шу меҳнатимиз ортидан ўтади, орзу-ҳавасларимизга ҳам узум, майиз етиштириш орқали эришамиз.

Илгари бу токлар симга тортилган эди. Кейин водий вилоятларига бориб, ишком усулида ҳосил етиштириш тажрибасини ўрганиб келдик ва токзоримизни ишкомга айлантирдик. Бу усулда ҳосилдорлик анча юқори бўлар экан, узумнинг сифати ҳам анча юқори. Муҳими, ишком токка ишлов бериш, турли касалликлардан асрашда жуда қулай экан.

Манба: ЎзА

Поделиться