Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу: Биз Ўзбекистон Президентининг муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун келдик

2021-07-15 | Сиёсат

Ўзбекистон пойтахтида ўз ишини бошлайдиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциянинг иштирокчиси - Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу мамлакатимизга ташрифини Фарғона вилоятидан бошлади.

- Яна бир бор қардош Ўзбекистон диёрида бўлиб турганимдан ҳамда “олтин водий” деб таърифланадиган Фарғонани зиёрат қилаётганимдан бениҳоя мамнунман, - деди Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари. - Туркия Президенти бизга “Ўзбекистонга тез-тез бориб туринглар, қардошларимиз билан доим бирга бўлинглар”, деган алоҳида топшириқ берган. Бугун биз эртага Тошкентда бошланадиган жуда муҳим халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келдик.

Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари томонидан илгари сурилган янги ташаббус, янги ғоя ҳисобланади. У моҳиятан Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўзида мужассам этган. Ҳақиқатан ҳам бу ҳудудларда автомобиль ва темир йўллар, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари мавжуд. Бу жараёнда Ўзбекистон марказий ўрин тутади, деб ҳисоблаймиз. Бугун биз Ўзбекистон Президентининг ушбу муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун келдик.

Фурсатдан фойдаланиб ушбу ташрифимиз давомида Фарғонани ҳам зиёрат қилишни лозим, деб топдик. Аввалги ташрифларимиз чоғида Хива, Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлган эдим.

Ўзбекистоннинг ҳар гўшаси тарихий асарларга бой, ҳар вилояти гўзал. Мен ўзим фермер оиласида катта бўлганлигим сабабли деҳқончиликка ҳам қизиқаман. Фарғона далаларини кезиш, бутун дунёга машҳур ўзбек қовунларининг қандай етиштирилишини кўриш бугунги дастуримизда жой олганидан мамнунман.

Фарғонанинг ҳам ўзига ҳос маданияти, тамаддуни борлигига гувоҳ бўлдик. Ипак ишлаб чиқариш маркази бизда катта таассурот қолдирди. Қўлда тўқиладиган гиламлар ранг-баранглиги ва беҳад гўзаллиги билан кишини лол қолдиради.

Бундай гиламлардан бир донасини тўқиш учун ойлар, йиллар керак бўлади. Тўқувчи ўз кўзининг нури ва меҳрини бериб тер тўкади. Туркияда ҳам Ҳереке деб аталган қадимги манзилда худди шу услубда гиламлар тўқилади. Бу ҳам муштарак жиҳатларимиз ва қадриятларимизнинг умумийлигидан далолат.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться