Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Покистон бизнес доираларини бир-бирига яқинлаштиришнинг йўналишлари белгиланди
2021-07-15 | Иқтисодиёт
Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгашининг 1 йиғилишида Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доираларини ўзаро яқинлаштириш ҳамда улар ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд, икки мамлакат савдо-саноат палаталари, тегишли идоралари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, йирик компания ва корхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат тадбиркорлари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузишга қаратилган конструктив мулоқотни олиб бориш учун майдонча бўлишга мўлжалланган.
Тадбир давомида сўзга чиққан икки мамлакат делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий тенденцияларни, хусусан, инвестиция ва савдо ҳамкорлигининг юқори динамикасини қайд этди. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда саноат кооперацияси соҳасида салмоқли ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ушбу тармоқларнинг салоҳияти тегишли идоралар ва тадбиркорлик бирлашмалари раҳбарларининг чиқишлари чоғида батафсил очиб берилди. Юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича аниқ лойиҳа таклифлари ҳам тақдим этилди ва кўриб чиқилди.
Тадбир якунида томонлар икки мамлакат тадбиркорларини аниқ келишув ва лойиҳаларга эришиш мақсадида фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги