Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди

2021-07-15 | Иқтисодиёт

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд раислигида Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон – Покистон савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, илмий-технологик ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги ва уни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда томонлар Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифининг кун тартибини ташкилий-техник ва мазмун жиҳатидан бойитиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Томонлар икки томонлама савдо ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишидаги улкан, ишга солинмаган салоҳиятни таъкидлаб ўтишди. Йиғилиш давомида икки мамлакатнинг алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарларига келгуси йилларда қўшма лойиҳалар сонини ва савдо айланмаси ҳажмини ошириб бориш бўйича зарур чоралар кўришга  доир кўрсатмалар берилди.

Қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳаси доирасида транспорт ва логистика соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, томонлар Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим денгиз портларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўлларини муҳокама қилдилар. Транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича босқичма-босқич “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. “Йўл харитаси” амалий чора-тадбирлар, ҳамкорлик механизмлари ва ҳар икки томондан вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари рўйхатини ўз ичига олади.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида туризм соҳасида, шу жумладан “зиёрат” туризми йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Покистон Ислом Республикаси ҳукуматининг Ҳудудлараро мувофиқлаштириш вазирлиги ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланишини олқишладилар.

Йиғилиш натижалари бўйича якуний баённома имзоланиб, унда тадбир давомида эришилган асосий келишувлар акс эттирилди ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться