Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари қандай кечмоқда?

2021-07-14 | Соғлиқни сақлаш

“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган Республика аҳолисини коронавирусга қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш вазифаси ижросига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

“Ўзбекистонда коронавирусга қарши профилактик эмлаш (вакцинация) жараёнлари” мавзусидаги тадбирда Марказ эксперт-мутахассислари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбати аввалида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан аҳолини коронавирусга қарши профилактик эмлаш (вакцинация) жараёнларининг ҳолати, ташкил этилган вакцинация пунктлари, эмлаш учун харид қилинган вакциналар турлари, шунингдек, коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатлари ва эмланган аҳолининг касалликка чалиниш сабаблари тўғрисида маълумот берилди. 

— Ўзбекистонда режали эмалаш амалиёти олдиндан мавжуд, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков. – Хусусан, мустақилликнинг дастлабки йилларида 6 та юқумли касалликка қарши эмлаш амалга оширилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 13 тага етди. Шу билан бирга, баъзи бир гриппга ўхшаш мавсумий, шунингдек, яна айрим турдаги ичтерлама, куйдирги ва қутириш каби касалликларга қарши ҳам тавсиявий эмлашлар мавжуд. Бугунги кундаги коронавирусга қарши эмлаш жараёни ҳам вақт ўтиб ушбу эмлаш турлари қаторига киритилиши мумкин. Бунинг учун маълум бир вақт давомидаги кузатишлар талаб этилади. Ушбу касалликни тўлақонли енгиб ўтишимизнинг ягона йўли аҳолида иммунитетни шакллантиришдир. Бунинг икки йўли мавжуд: биринчиси, аҳолини касалликка чалиниб иммунитет ҳосил қилиши, иккинчиси, вакцина олиш орқали иммунитет ҳосил қилиш. Биринчи ҳолат орқали касалликни енгиб ўтиш қанчалик хавфли эканлигини барчамиз кўриб турибмиз. Кўпчилик инсонлар касаллик оғир кечиши натижасида яқинларини ҳам йўқотишди. Ўзбекистонда бугунги кунда эмлаш жараёни бўйича бор имкониятнинг ярмидан фойдаланилаяпти холос. Агар биз аҳолига эмлаш жараёни ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ва тўғри етказсак, касалликни енгиб ўтишимиз янада осонлашади. Дастлаб, биринчи ўринда мамлакатдаги алоҳида хавф груҳига кирувчи 4 миллион 112 минг нафар аҳолини эмлаш назарда тутилган бўлса, 1 июль ҳолатига уларнинг 3,6 миллион нафари эмланди.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 июль ҳолатига 660 минг доза AstraZeneca, 6,5 миллион доза Хитойнинг ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ҳамда 240 минг доза Россиянинг «Спутник-V» вакцинаси олиб келинган. Айни кунда Ўзбекистонда 2,5 миллион дозадан ортиқ вакцина захираси бор.

Шунингдек, давра суҳбатида коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш, текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларга даво муолажаларини тавсия этиш борасидаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси масъул ходими Умидулла Рисқиев аҳоли ўртасида эмлаш жараёни билан боғлиқ хавотирли вазиятларга ойдинлик киритиб ўтди.

— Бугунги кунда аҳоли орасида вакцинани олиш билан боғлиқ турли хилдаги иккиланиш, вакцина олиб ҳам касалликка чалинганлар борку, деган хавотирлар мавжуд, – деди У.Рисқиев. – Аммо бундай гумонлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Вакцина олиш аҳоли саломатлигини самарали асрашда муҳим босқич ҳисобланади. Тўғри, айрим вакцина билан эмланган фуқароларимизда ҳам касалликка қайта чалиниш ҳолатлари учрамоқда. Бироқ уларда касаллик эмланмасдан вирус юқтириб олган фуқароларга нисбатан енгил кечади. Биргина мисол, бугунги кун ҳолатига Ўзбекистон-Хитой вакцинаси – ZF-UZ-VAC2001 билан биринчи бор эмланган фуқароларнинг 22 нафарида, ушбу вакцинани иккинчи босқичини ҳам қабул қилиб бўлган фуқароларнинг эса 14 нафарида, 3 дозани олгандан кейин эса 4 нафар фуқарода касалликка чалиниш ҳолати қайт этилган ва улар касалликни енгил кўринишда ўтказган.Шу боис, биз оммавий эмлаш жараёнларини аҳолига тўғри тушунтириб, кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз зарур. Агар аҳолининг 60-70 фоизи эмланадиган бўлса, биз қўрқмасдан касалликни енгиб ўтсак бўлади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча ковидга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган марказлар ва поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

Давра суҳбатида бугунги кунда беморлар орасида болаларнинг касалликка чалиниш ҳолати ортиб бораётгани сабабли, коронавирусни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини улар учун мўлжалланган дозаларда ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича айрим давлатларда илк саъй-ҳаракатлар бошлангани маълум қилинди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган давра суҳбати якунида аҳолини коронавирусга қарши вакцина билан эмланиши билан боғлиқ бугунги кундаги долзарб саволларга мутахассис ва экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Манба: ЎзА

Поделиться