Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилади
2021-07-14 | Соғлиқни сақлаш
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов вилоятга ташриф буюрган Насер Масуд ҳамда Лабиб Абс бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси билан учрашди.
Учрашувда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Фарғонада қуриладиган ва замон талаблари даражасида жиҳозланадиган кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиши жараёнлари муҳокама қилинди.
Меҳмонларга Фарғона вилояти ҳақида, хорижий давлатлар билан алоқалари, инвестицион салоҳияти ҳамда тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот чоғида барпо этилиши кўзда тутилган тиббиёт маркази учун ажратилган жой, унга коммуникация тармоқларининг тортилиши, ҳамкорликдаги чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Якунда олдинда турган режалар келишиб олинди.
- Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг розилиги ва Молия вазирлигининг келишуви билан Жаҳон банки ҳисобидан вилоятимизда кўп тармоқли тиббиёт марказини қуриш режалаштирилган. Янги лойиҳа Фарғона шаҳрида амалга оширилади. Энг илғор тиббий жиҳозлар билан таъминланган марказ барпо этилади. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам ташланмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов.
Манба: ЎзА