Ўзбекистон делегацияси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ ТИВК йиғилишида иштирок этди
2021 йилнинг 13-14 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори иштирокида ташкилотнинг бўлажак юбилей саммитига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.
Вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши кун тартиби лойиҳасини ва мажлисида имзолаш учун таклиф қилинган ҳужжатларни кўриб чиқдилар.
Сўнгги 20 йил ичида ШҲТ нуфузли халқаро тузилишга айланиб, замонавий давлатлараро алоқалар тизимини мустаҳкамлашда муносиб иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди.
Ташкилот фаолиятини, шу жумладан, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасини янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий характердаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
***
Делегациялар раҳбарларини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам қабул қилди.
Учрашувда жорий йилнинг сентабр ойида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Душанбе саммити якунлари бўйича Ташкилотга раислик Ўзбекистон томонига ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши номидан нутқ сўзлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Тожикистоннинг Ташкилотга раислик қилган давридаги самарали ишларини юқори баҳолади.
А.Камилов ўз нутқида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларини, ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама ҳамда икки томонлама шаклдаги ҳамкорлик ва шериклик жараёнида эришилган улкан ижобий ютуқларни қайд этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги