Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенаторлар аҳоли муаммоларини ҳам ўрганмоқда
2021-07-14 | Ҳужжатлар
Олий Мажлис Сенати аъзолари жойларда бўлиб фуқаролар билан учрашмоқда. Уларга сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорлар, фармонларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирмоқда. Шунингдек, сенаторлар юртдошларимизнинг мурожаатларига қулоқ тутиб, уларни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Сенатор Манзурахон Салимова Фарғона вилояти Қува, Фарғона туманлари ва Қувасой шаҳар сектор раҳбарлари, туман-шаҳар кенгашлари депутатлари ва фуқаролар билан учрашди.
Учрашувларда М.Салимова томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг тарғиботи, Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда Сенат таркибида ташкил этилган янги – Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ва унинг олдида турган вазифалар ҳақида тушунтириш ишлари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти содда ва халқчил усулда етказилди.
– Албатта, юртимизда сўнгги йилларда қабул қилинаётган дастуриламал ҳужжатлар юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари, уларга қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Жойларда фуқаролар билан учрашувларда ҳам айнан ислоҳотларни юртдошларимизга етказишга эътибор қаратмоқдамиз, – дейди М.Салимова.
Шунингдек, сенатор фуқаролар мурожаатини ҳам тинглади. Хусусан, Қувасой шаҳри Пакана маҳалласида яшовчи Э.Ашурованинг мурожаати суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли эканлиги инобатга олиниб, унга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Манзурахон Салимова ҳудудлардаги учрашувлари доирасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишиб, ушбу дафтарлардаги фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар хусусида масъуллар билан келишиб олди.
Манба: ЎзА